Қонун тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга хизмат қилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг еттинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига солиқ ва тадбиркорлик соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда тадбиркорлик фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратиш, солиқ сиёсатини такомиллаштириш орқали солиқ юкини камайтириш, иқтисодиётни жадал ривожлантириш борасида изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, мазкур ислоҳотлар доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар солиқ соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, жиноят ишлари доирасида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган ҳуқуқий механизмларни янада такомиллаштириш заруратини юзага келтирмоқда.
Шу мақсадда ишлаб чиқилган мазкур Қонун билан Жиноят кодексига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга солиқ соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтириш, солиқларни ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаганлик учун жавобгарликка сабаб бўладиган зарарнинг миқдорини ошириш, етказилган зарарнинг ўрни судга қадар босқичда ва суд муҳокамаcи давомида тўлиқ қопланган тақдирда жавобгарликдан озод қилиш, шунингдек, ваколатли органларнинг терговга қадар текширув ҳаракатларини амалга ошириш ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш билан боғлиқ ваколатларини аниқлаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Жиноят-процессуал кодексига тадбиркорлик субъектларига нисбатан қўзғатилган жиноят ишлари бўйича суриштирув, дастлабки тергов ёки суд жараёнида Бизнес-омбудсман ёки Савдо-саноат палатаси томонидан тайинланган вакил жамоат ҳимоячиси сифатида иштирок этишини белгиловчи қоидалар киритилмоқда.
Бундан ташқари, Фуқаролик кодексида ва Солиқ кодексида суд қарор чиқаргунига қадар тергов жараёнида қўшимча ҳисобланиб ундирилган солиқлар ва йиғимлар бўйича пеня ҳисобланмаслиги, жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган ер участкаси бўйича тўлаб берилган компенсация пуллари даромад солиғига тортилмаслиги каби ўзгартиришлар ҳам назарда тутилмоқда.
Сенаторлар ўз чиқишларида таъкидлаганидек, мазкур Қонун солиқ соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, солиқ тушумларининг барқарорлигини таъминлашга, тадбиркорликни ривожлантириш учун тенг рақобат шароитларини яратишга, тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга хизмат қилади.
Муҳокама якунида мазкур Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.