Қишлоқ хўжалиги вазирига иссиқхона хўжаликларини ривожлантиришда мавжуд муаммолар юзасидан сенатор сўрови юборилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Анвар Туйчиев томонидан қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдурахмоновга иссиқхона хўжаликлари ривожи ва ушбу йўналишда учраётган тизимли муаммолар юзасидан сенатор сўрови юборилди.
Сўровда таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда иссиқхона хўжаликлари фаолиятини кенгайтириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар етиштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур соҳани қўллаб-қувватлаш мақсадида Президентнинг бир қатор қарорлари қабул қилиниб, имтиёзли кредитлар, субсидия ва солиқ енгилликлари жорий этилган.
Шу билан бирга, сенатор ўз сўровида ҳал этилиши лозим бўлган муҳим масалаларни ҳам қайд этди. Жумладан, иссиқхона хўжаликларини молиялаштиришда барқарор механизмларнинг етишмаслиги, табиий газ, электр энергияси ва сув таъминотидаги узилишлар ҳамда юқори фоизли кредитлар туфайли айрим хўжаликларнинг банк балансига ўтиб кетаётгани ҳақида сўз юритилган.
Маълумотларга кўра, 2025 йил май ҳолатига кўра 120 гектардан ортиқ иссиқхона банклар балансига ўтган. Бу эса иш ўринларининг қисқариши ва иқтисодий самарадорликнинг пасайишига олиб келган.
Шунингдек, сенатор қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифатини назорат қилиш, соғлом рақобат муҳитини яратиш, илмий асосланган агротехнологиялардан самарали фойдаланиш, фермер ва тадбиркорларни уруғчилик, агрокимё хизматлари билан таъминлаш механизмларини кучайтириш зарурлигига эътибор қаратган.
Юқорида қайд этилган масалалар юзасидан Қишлоқ хўжалиги вазирлигидан 2020-2024 йилларда ташкил этилган иссиқхона хўжаликлари сони ва ҳолати, соҳани молиялаштиришда амалдаги механизм, табиий ресурслар билан барқарор таъминлашдаги муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш бўйича қабул қилинаётган чоралар, илмий ёндашувлар ва инновацион ечимларни жорий этиш ҳолати, экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда молиявий барқарорликни таъминлашга қаратилган ишлар бўйича таҳлилий ва асосланган ёзма маълумот тақдим этиши сўралган.