Валюта курслари 20/06/2025
$1 – 12559.26
UZS – -0.47%
€1 – 14413.01
UZS – -0.71%
₽1 – 160.17
UZS – -0.41%
Қидириш
Иқтисод 20/06/2025 Қайси ҳудудлар экспортда етакчи? – PIM Export Indeх натижалари таҳлили

Қайси ҳудудлар экспортда етакчи? – PIM Export Indeх натижалари таҳлили

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ҳудудларининг экспорт салоҳияти қандай? Қайси вилоятлар ташқи бозорларни фаол забт этмоқда, ва қайсилари орқада қолмоқда? Мазкур саволларга жавоб бериш мақсадида ишлаб чиқилган Прогрессив ислоҳотлар маркази (PIM) Export Index экспортга ихтисослашган комплекс рейтинг тизими бўлиб, ҳудудларнинг экспортдаги умумий ҳолатини баҳолашда муҳим восита ҳисобланади.

PIM Export Index нима?

PIM Export Index ҳудудларнинг экспорт салоҳиятини тўрт асосий индикатор асосида таҳлил қилади:

• Экспорт ҳажми – умумий экспорт қиймати;

• Экспорт ўсиш суръати – сўнгги 3 йилдаги динамикаси;

• Географик қамров – экспорт қилинаётган мамлакатлар сони;

• Экспорт диверсификацияси – маҳсулотлар хилма-хиллиги.

Ушбу индикаторлар нормализация қилиниб, тегишли оғирликлар (30% ҳажм, 20% ўсиш суръати, 30% географик қамров, 20% диверсификация) асосида якуний баллар шакллантирилган.

Етакчилар: Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти

PIM Export Index бўйича Тошкент шаҳри 95,7 балл билан мутлақ етакчилик қилмоқда. Пойтахт экспорт ҳажми (5,5 млрд АҚШ доллари), маҳсулотлар хилма-хиллиги ва 100 та давлатга экспорт географияси бўйича юқори кўрсаткичларга эга.

Ундан кейинги ўринда Тошкент вилояти – 79,9 балл билан. Бу икки ҳудуднинг юксак рейтинги уларнинг ишлаб чиқариш ва логистика инфратузилмаси ривожланганлиги билан бевосита боғлиқ.

Мазкур ҳудудларда экспорт фаолияти юқори, кичик ва ўрта экспортчи корхоналар сони кўпаймоқда, бу эса экспорт тармоғининг барқарорлиги ва кенгайиш салоҳиятини оширмоқда.

Барқарор ўсишга эга вилоятлар

Самарқанд (63,5 балл), Андижон (59,2), Фарғона (57,9), Хоразм (55,9) каби ҳудудлар экспортда муҳим ўринга эга бўлиб, ўз экспорт ҳажмини босқичма-босқич оширмоқда. Хусусан, Хоразм географик қамров бўйича иккинчи ўринда турибди. Бу вилоятларда экспортга йўналтирилган саноат кластерлари шаклланмоқда, диверсификация жараёнлари фаоллашмоқда.

Потенциали паст, аммо имконияти мавжуд ҳудудлар

Сурхондарё (38,5), Сирдарё (33,5) ва Навоий (27,3) вилоятлари ПИМ Эхпорт Индех бўйича энг паст кўрсаткичларга эга. Сабаблари орасида:

• Географик чекловлар ва транспорт харажатларининг юқорилиги (Сурхондарё),

• Экспорт маҳсулотлари ассортиментининг торлиги (Сирдарё),

• Экспорт ҳажмининг кескин камайиши ва бозорлар сонининг камлиги (Навоий) киради.

Шунга қарамай, бу ҳудудларда экспортни ривожлантириш учун салоҳият мавжуд. Агросаноат кластерлари, логистика инфратузилмаси ва ташқи бозорлар билан алоқаларни кучайтириш бу вилоятларни экспорт харитасида юқорига кўтариши мумкин.

Ҳудудий фарқлар ва стратегик хулоса

Таҳлил натижалари Ўзбекистон ҳудудлари ўртасида экспорт салоҳиятида сезиларли тафовутлар мавжудлигини кўрсатмоқда. Бу тафовутлар кўп жиҳатдан уларнинг иқтисодий ривожланиш даражаси, инфратузилмаси ва халқаро алоқаларига боғлиқ.

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти – мамлакат экспортининг стратегик таянчи бўлиб, рақобатбардош маҳсулотлар, янги бозорлар ва фаол экспортчилар билан ажралиб туради.

Ўрта рейтингдаги вилоятлар эса экспортда барқарор ўсишга эга бўлиб, давлат сиёсати ва маҳаллий ташаббуслар орқали янада юқори поғоналарга чиқиши мумкин.

Паст рейтингдаги ҳудудлар эса комплекс ёндашув ва қўллаб-қувватлаш механизмларини талаб этади – бу ҳудудларда инфратузилмавий сармоялар, логистик имкониятлар ва маҳсулот диверсификациясини кучайтириш орқали экспорт салоҳиятини ошириш мумкин.

PIM Export Index ҳудудлар кесимида экспорт сиёсатини аниқлаштириш, ресурсларни оқилона тақсимлаш ва стратегик қарорлар қабул қилишда муҳим таҳлилий восита бўлиб хизмат қилади. У Ўзбекистон экспорт моделининг рақобатбардош ва мувозанатли шаклланишига замин яратади. Мамлакат экспортининг географик ва маҳсулот кўламини кенгайтириш учун ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос имкониятларини ишга солиш долзарб вазифадир.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг