Қатар Вақфлар ва ислом ишлари вазири Самарқандга ташриф буюрди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қатар Давлати Вақфлар ва ислом ишлари вазири Ганем Ал-Ганим расмий ташриф доирасида Самарқанд шаҳрига келди.
Сафар давомида вазир бошчилигидаги делегация “Инсон” ижтимоий марказига ташриф буюриб, муассаса фаолияти билан яқиндан танишди ҳамда ушбу йўналишда қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш масалаларини масъуллар билан муҳокама қилди.
Шунингдек, делегация аъзолари Самарқанднинг машҳур тарихий ёдгорликларини томоша қилиб, унинг бетакрор қадимий тарихи ва ноёб меъморий обидаларига юксак баҳо берди. Улар айниқса шаҳарнинг бугунги кунгача сақланиб қолган улуғвор кўк гумбазлари ва монументал минораларига алоҳида эътибор қаратдилар. Бу эса Самарқанднинг тарихий аҳамияти ва маданий тараққиётининг яққол далилидир.
«Самарқанд менинг орзуларимда бўлган, уни кўрганимдан сўнг бу жой юрагимда абадий қолди. Дунёдаги энг буюк шоир ва файласуфлар ҳам уни қалб боғи, Шарқ дурдонаси, олам ойнаси, ҳатто Ер юзи деб атаган бўлсалар-да, унинг гўзаллиги ва бойлигини тўлиқ ифода этишга ожиз», — деди Қатар Вақфлар ва ислом ишлари вазири Ганем Ал-Ганим.
Қатар делегациясининг Ўзбекистон бўйлаб ташрифи давом этмоқда. Яқин кунларда Ўзбекистоннинг Ижтимоий ҳимоя агентлиги раҳбарияти билан учрашувлар ўтказилиб, келгусида амалга ошириладиган бир қатор муҳим йўналишлар муҳокама қилиниши режалаштирилган.