Қаршида 4 эгизак қизалоқ дунёга келди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Китоб туманилик Жасур Мақаев ва Дилфуза Баҳриддинова 5 нафар қизни катта орзу-ҳаваслар билан камолга етказаётганди. Яқинда бу оилада бир йўла яна 4 қизалоқ туғилди. Натижада ушбу оила 9 қизли бой хонадонга айланди.
Эгизаклар Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Қашқадарё филиалида муддатидан олдин кесарча кесиш амалиёти орқали дунёга келди.
Янги туғилган чақалоқларнинг оғирлиги ва бўйи қуйидагича бўлди: биринчи қизалоқ вазни 1400 гр, бўйи 37 см; иккинчи қизалоқ вазни 1450 гр, бўйи 38 см; учинчи эгизакнинг вазни 1600 гр, бўйи 40 см; тўртинчисининг вазни 1400 гр, бўйи 37 см.
Ҳозирда барча чақалоқлар мутахассислар назоратида бўлиб, халқаро тиббий стандартларга мувофиқ зарур парвариш билан таъминланмоқда.