Qanot Sharq 15 декабрь куни Тошкент-Лондон йўналиши бўйича тўғридан-тўғри рейсларни ишга туширади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Qanot Sharq авиакомпанияси Тошкент-Лондон йўналиши бўйича тўғридан-тўғри мунтазам рейсларни ишга туширишини эълон қилди.
Рейслар 2025 йил 15 декабрда бошланади ва ҳафтасига икки марта, душанба ва пайшанба кунлари амалга оширилади. Янги йўналишга хизмат кўрсатиш учун авиакомпания узоқ масофали рейслар учун мўлжалланган энг янги Airbus A321-XLR самолётидан фойдаланади.
Авиакомпания янги йўналишдаги қатновни Буюк Британиянинг Гатвик халқаро аэропортига (Gatwick, LGW) амалга оширилади.
Ўзбекистон ҳамда Буюк Британия авиация маъмуриятлари 2024 йили Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида бўлиб ўтган ИСАОнинг ҳаво қатнови бўйича музокараларга бағишланган "ICAN-2024" тадбири доирасида ўтказилган норасмий учрашувда давлатлар ўртасида мунтазам қатновларни амалга оширувчи авиакомпаниялар сонини кўпайтириш бўйича келишиб олган эди.