Қамчиқ довонида енгил автомобиль хандаққа тушиб кетди, ҳайдовчи қутқарилди
Қамчиқ довонида енгил автомобиль хандаққа тушиб кетди, ҳайдовчи қутқарилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қамчиқ довонида Nexia 2 русумли енгил автомобиль хандаққа тушиб кетди. Автомобилни чиқариб олиш учун қутқарувчилар ёрдами талаб этилди. Яхшиямки, йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳеч ким жабрланмади.
ФВВ матбуот хизмати маълум қилишича, ҳодиса 16 январь куни соат 22:02 да содир бўлган. Тошкентдан Фарғона водийси томон ҳаракатланаётган ҳайдовчи бошқарувни йўқотиб, йўл қисмидан чиқиб кетган.
Қамчиқ довонидаги ФВВ махсус бошқармаси қутқарувчилари ҳодиса жойига тезкор етиб бориб, махсус техника ёрдамида автомобилни хавфсиз ҳудудга эвакуация қилди.
Довонда об-ҳаво шароити ҳануз мураккаблигича қолмоқда.
17 январь тонги ҳолатига кўра, йўлда кўриш масофаси тахминан 500 метрни ташкил этган туман сақланиб қолган, юқори участкаларда эса қор ёғиши давом этмоқда.
Йўл хизматлари ва қутқарувчилар ҳайдовчиларни ушбу участкани босиб ўтишда ўта эҳтиёткор бўлишга ва хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилишга чақирмоқда.