Президент Мирзиёев Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигида кадрлар бўйича ўзгаришлар ўтказди
Президент Мирзиёев Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигида кадрлар бўйича ўзгаришлар ўтказди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ички ишлар вазирлигида кадрлар алмашинувини амалга оширди.
Аюбхон Рахматуллаев бошқа ишга ўтиши муносабати билан Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари — Тезкор-қидирув департаменти бошлиғи лавозимидан озод этилди.
Даврон Назармухамедов Ички ишлар вазирининг ўринбосари — Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғи лавозимидан озод этилди.
Уларнинг ўрнига янги раҳбарлар тайинланди. Ботир Қудратходжаев Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари — Тезкор-қидирув департаменти бошлиғи лавозимига тайинланди. У мазкур тайинловга қадар Фавқулодда вазиятлар вазири лавозимида фаолият юритган.
Рустам Джураев Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари — Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи лавозимига тайинланди. Шу билан бирга у Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони лавозимидан озод этилди.
Рустам Мирзаев Ички ишлар вазирининг коррупцияга қарши курашиш бўйича комплаенс ва ички назорат масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди. Шу муносабат билан у Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Коммуникациялар департаменти бошлиғининг ўринбосари лавозимидан озод этилди.
Диёрбек Сатторов Ички ишлар вазирининг ўринбосари — Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғи лавозимига тайинланди. Шу билан бирга у Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Жамоат хавфсизлиги ва қонун устуворлиги масалалари бўйича департаменти сектори мудири лавозимидан озод этилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Азизхон Умархоновни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти бошлиғи лавозимига тайинлади. У мазкур тайинловга қадар Олмазор тумани ҳокими лавозимида ишлаб келган.