“Президент иқтидорли фарзандлари” ташаббуси амалга оширилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Президент иқтидорли фарзандлари” ташаббусини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди.
Фармонни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсадлар этиб қуйидагилар белгиланди, жумладан:
иқтидорли ёшларни барвақт аниқлаш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш орқали мамлакатда инсон капиталини ривожлантириш;
ёшлар билан манзилли ишлаш орқали глобал меҳнат бозорида рақобатбардош бўлган мутахассислар тайёрлаш ҳамда мамлакат тараққиёти учун янги инновацион имкониятлар яратиш.
Фармонга кўра, “Президент иқтидорли фарзандлари” ташаббуси ва уни қўллаб-қувватлаш бўйича миллий дастур амалга оширилади.
Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимида Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб-интернатни ташкил этилади.
Шунингдек, Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамжамияти фаолияти йўлга қўйилади.
Мактабда ўқув жараёни 2025/2026 ўқув йилидан бошланади.
Мактаб битирувчиларига давлат намунасидаги таълим тўғрисидаги ҳужжат (шаҳодатнома) билан бир қаторда етакчи хорижий олий таълим ташкилотларига ўқишга кириш имконини берувчи халқаро таълим дастури дипломи (International Baccalaureate) берилади.
Ўқувчилар билан индивидуал ишлаш тизими жорий этилиб, 1 нафар маслаҳатчи ва педагогга тўғри келадиган ўқувчилар сони нисбатининг чекланган нормативига мутаносиб равишда 1:15 ва 1:8 нисбатлар қўлланади.
Мактабда таълим жараёни вариатив ўқув режалар асосида амалга оширилади ҳамда ўқувчилар инглиз тилидан ташқари камида яна битта қўшимча хорижий тилга ўқитилади;
Мактабда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ўқитиладиган ўқувчиларнинг умумий чекланган сони 180 нафарни ташкил этади.
Ўқувчиларга илмий-тадқиқот ва инновацион стартап лойиҳалар ҳамда бошқа ижтимоий лойиҳалар бўйича ўзининг портфолиосини шакллантиришга кўмак берилади.
Миллий дастур Президент Фармонида назарда тутилган “Ёрқин истеъдод” лойиҳасини қамраб олади ва қуйидаги босқичларда амалга оширилади:
ҳар йили 1 500 нафаргача хорижий олий таълим ташкилотларида ўқишга салоҳиятли умумий ўрта таълим ташкилотларининг жорий 9-синф битирувчилари имтиҳон асосида саралаб олинади;
саралаб олинган ўқувчилар Агентлик тизимидаги мактабларнинг мактаб маслаҳатчиларига бириктирилади ва махсус платформа орқали 10–11-синфда таълим олиш даврида улар учун қўшимча ўқиш ташкил этилади.
Миллий дастурни амалга ошириш доирасида қуйидаги рағбатлантиришлар қўлланади:
Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб-интернат (Мактаб) нинг 10-синф ўқувчилари ва Миллий дастур иштирокчиси бўлган ва энг яхши кўрсаткичга эга 40 нафар ўқувчига дунёнинг нуфузли олий таълим ташкилотлари томонидан ташкил этиладиган қисқа муддатли ўқув дастурларида ҳар йили 1 маротаба қатнашиш;
Мактаб битирувчилари ва Миллий дастур иштирокчиси бўлган ўқувчиларнинг халқаро миқёсда эътироф этилган академик рейтингнинг энг илғор 100 та олий таълим ташкилотлари рўйхатидан жой олган хорижий олий таълим ташкилотларида таълим олиш харажатларини белгиланган тартибда қоплаш;
мактаб маслаҳатчиларини уларга бириктирилган ўқувчиларнинг олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилинишига қараб, мазкур Фармонга мувофиқ бир марталик пул мукофоти билан тақдирлаш.