Пойтахтимизда “Made in Afghanistan Expo – Tashkent 2026” кўргазмаси очилди
Пойтахтимизда “Made in Afghanistan Expo – Tashkent 2026” кўргазмаси очилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йил 25 март куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ташаббуси билан Тошкент шаҳридаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида илк бор “Made in Afghanistan Expo – Tashkent 2026” халқаро кўргазмасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Очилиш маросимида икки давлатнинг расмий вакиллари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, бизнес доиралари вакиллари, халқаро ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирок этди.
Хусусан, Афғонистон Савдо ва инвестиция палатаси раиси Муҳаммад Карим Ҳошимий бошчилигидаги 120 нафарга яқин ишбилармонлар делегацияси кўргазманинг асосий иштирокчилари сифатида қатнашди.
Тадбир давомида сўзга чиққанлар мазкур кўргазма икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтдилар.
Қайд этилганидек, бундай платформалар тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, ишончли ҳамкорлик муносабатларини шакллантириш ва ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини оширишга хизмат қилади.
2025 йил давомида икки давлат савдо айланмаси қарийб 1,68 млрд долларга яқинлашди. Хусусан, Ўзбекистоннинг Афғонистонга экспорти 1,53 млрд долларга тенг бўлса, импорт ҳажмлари 145 млн доллардан зиёдни ташкил қилмоқда. Бу ўтган давр мобайнида ўзаро савдо айланмаси 50%га ўсганини кузатишимиз мумкин. 2026 йил 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистон Республикасида афғон капитали иштирокида 600 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда.
Кўргазма доирасида Афғонистонда ишлаб чиқарилаётган турли йўналишлардаги маҳсулотлар — озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, қурилиш материаллари, тўқимачилик, заргарлик, гиламчилик ҳамда миллий ҳунармандчилик буюмлари намойиш этилмоқда.
Шу билан бирга, тадбир доирасида ўзбекистонлик ва афғон тадбиркорлар ўртасида B2B учрашувлар, бизнес мулоқотлар, тақдимотлар ва янги ҳамкорлик келишувларини имзолаш режалаштирилган.
Кўргазма 28 март кунига қадар давом этади.