Пойтахтимизда “Эрта аниқла – ҳаётни сақла” форуми бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 25 октябрь куни Тошкент шаҳрида “Эрта аниқла – ҳаётни сақла” форуми бўлиб ўтди. Сут бези ва бачадон бўйни саратони билан курашиш ойлиги доирасида ўтказилган тадбирда онкологлар, гинекологлар, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда онкологик касалликка чалинган аёллар – жами 500 га яқин иштирокчи қатнашди.
Форум Стратегик ислоҳотлар агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (УНФПА) билан ҳамкорликда ташкил этилди. Тадбирдан асосий мақсад – онкологик касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш бўйича тажриба алмашиш, муаммоларни муҳокама қилиш ва амалий ечимларни ишлаб чиқишдир.
Мазкур ойлик доирасида бепул скрининглар ўтказилди, шунингдек, Корзинка, Сафиа, Бон, Киммй Лаб, Ўзбечка каби тармоқлар иштирокида кенг қамровли ахборот кампанияси ташкил этилди. УНФПА кўмагида олий таълим муассасаларида маърузалар, журналистлар учун тренинглар ҳам ўтказилди.
Форумда Ўзбекистоннинг етакчи мутахассислари билан бир қаторда Россия, Туркия ва Грузиядаги онкологик марказлардан халқаро экспертлар ҳам қатнашди. Тадбир доирасида беморлар учун онкологик мактаб, маслаҳатлар ва тренинглар, шифокорлар учун маҳорат дарслари ўтказилди.
Форумда мавзулар бўйича муҳокамалар ва фотокўргазма ташкил этилди. Шунингдек, аёллар учун бепул онкопсихологик ёрдам дастури ишга туширилди.
Ушбу ойлик доирасида Стратегик ислоҳотлар агентлиги ташаббуси билан халқаро грант ҳисобидан мамлакатимизнинг олис ҳудудларига бешта янги маммограф етказиб берилди. Шунингдек, ўзбекистонлик шифокорлар гуруҳи АҚШдаги етакчи онкологик марказда малака ошириш учун бормоқда. Бу ташаббус беморларни кўп тармоқли жамоавий ёндашув асосида даволаш тизимини жорий этишга хизмат қилади.
Бу тадбирлар ҳар бир аёл ўз соғлиғини вақтида асраши ва ҳаётини сақлаб қолиш имконига эга бўлишини таъминлашга қаратилган.
Форум Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 22 ноябрдаги “Аёллар орасида онкологик касалликларни назорат қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори доирасида ташкил этилди. Ушбу ҳужжат билан 2025-2030 йилларда Бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонини назорат қилиш дастури тасдиқланган.
Стратегик ислоҳотлар агентлиги мазкур дастур ижросини доимий мониторинг қилиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда натижаларни муҳокама этиб боради. Мақсад – жараённи шунчаки назорат қилиш эмас, балки онкологик касалликлар назорати учун рақамли экотизим яратишдир. Бунда инфратузилма, ускуналар, тиббиёт ходимлари малакасини ошириш ва таҳлил сифати каби барча таркибий қисмлар автоматлаштирилган бўлади. Чунки дастур муваффақияти ишончли маълумотлар, малакали мутахассислар ва аҳолининг ишончига боғлиқ.