«Пойтахт Банк» устав капиталини 500 млрд сўмга етказади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Пойтахт Банк» АЖ устав капиталини 100 миллиард сўмдан 500 миллиард сўмгача оширишни режалаштирмоқда.
Банк акциядорлари томонидан 400 миллиард сўмлик қўшимча акция чиқариш қарори қабул қилинди. Жами 400 миллион дона оддий акция чиқарилади. Ҳар бир акциянинг нархи 1 000 сўм бўлади.
Акциялар фақат ягона акциядор — Bond Investment Limited МЧЖ (БАА) ўртасида амалдаги қонунчиликка мувофиқ ёпиқ обуна тартибида жойлаштирилади. Жойлаштириш муддати — чиқарилиш давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб бир йил.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил бошидан мамлакатда банклар учун устав капитали минимал миқдори 500 миллиард сўм этиб белгиланган.
«Пойтахт Банк» 2019 йил бошида ипотека кредитлари бериш ва қурилиш лойиҳаларини, аввало арзон уй-жой дастурларини молиялаштириш мақсадида ташкил этилган.
2024 йил июн ойида Давлат активларини бошқариш агентлиги банкни хусусийлаштириш бўйича БААнинг Bond Investments Limited компанияси билан келишувга эришди. Компания 100 фоиз давлат улушини 10 миллион АҚШ доллари эвазига сотиб олди.
Октябрь ойига келиб хусусийлаштириш жараёни якунланди. Юридик шахсларнинг ягона давлат реестри маълумотларига кўра, банкнинг янги асосчиси сифатида Bond Investments Limited қайд этилди ва компания 100 фоиз акцияларга эгалик қилмоқда. Шу билан бирга, юридик шахснинг расмий номига «хорижий компания» деган изоҳ ҳам киритилди.