Портатив лазерли нур тарқатгичларнинг муомаласи тартибга солинади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган — “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, сўнги пайтларда портатив лазерли нур тарқатгичларни Ўзбекистон Республикасига қонунга хилоф равишда олиб кириш ва улардан фойдаланиш ҳолатларининг кўпайиши фуқаролар ҳаёти ва соғлиғига, ҳаво кемалари парвозларининг хавфсизлигига, жамоат тартибига юқори даражадаги таҳдидлар туғдирмоқда.
Қонун лойиҳаси билан портатив лазерли нур тарқатгичларнинг қонунга хилоф муомаласи учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
Қонун лойиҳасида портатив лазерли нур тарқатгичларнинг муомаласи соҳасида назорат ва таъсир чораларининг самарадорлигини ошириш, ушбу соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва ундан жабрланиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадлари назарда тутилган.
Ҳужжатда лазерли нур тарқатгичлар муомаласи қисман чекланмоқда. Яъни, тиббиёт ва ижтимоий соҳада ҳозирда ишлатилиб келинаётган ва жамиятга хавф туғдирмаётган маҳсулотларнинг фойдаланилишига рухсат берилиши белгиланмоқда.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.