Полша компанияси Ўзбекистонда деҳқончилик ва мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлашга инвестиция киритишга тайёр
Полша компанияси Ўзбекистонда деҳқончилик ва мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлашга инвестиция киритишга тайёр
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон элчихонаси томонидан “Hands Man Food” компанияси бош директори Лукаш Кожёл ва технолог Дариуш Василук билан учрашув ўтказилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Суҳбат жараёнида мамлакатимиздаги инвестиция муҳити, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва экспорт имкониятлари хусусида фикр-мулоҳазалар алмашилди.
“Hands Man Food” компанияси 2009 йилдан буён мева-сабзавот маҳсулотлари етказиб бериш, қайта ишлаш, музлатиш ва уларни Европа Иттифоқи бозорларида сотишга ихтисослашган. Компания географияси беш қитъадаги 20 дан ортиқ мамлакатни қамраб олган.
Лукаш Кожёл Ўзбекистондан маҳсулотлар етказиб бериш ҳажмларини кенгайтиришда логистика ҳамда айрим маҳсулотларнинг Европа Иттифоқи талаб ва стандартларига тўлиқ мос келмаслиги ҳолатлари кузатилаётганини қайд этди.
Шу муносабат билан, поляк томони Ўзбекистонда қайта ишлаш қувватларига, шунингдек фермер хўжаликлари ва боғдорчилик лойиҳаларини ривожлантиришга инвестиция киритишга тайёрлигини билдирди.
Учрашувда хориж томони билан маҳсулотни қайта ишлашнинг айрим босқичларини Ўзбекистон ҳудудида локализация қилиш имкониятларини ўрганиш, дастлабки босқичда малина ва гилос етиштириш, кейинчалик уларни қайта ишлаш ва музлатилган ҳолда экспорт қилишни йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда ишлаб чиқариш жараёнларини мувофиқлаштириш, Европа Иттифоқи талабларини босқичма-босқич жорий этиш, эҳтимолий кооперация доирасида етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналарига йўналтириш борасида ҳам фикр алмашилди. Юртимизда етиштирилган маҳсулотларни музлатилган ҳолда Европа Иттифоқи бозорларига, жумладан, Польшага экспорт қилиш орқали барқарор ишлаб чиқариш ва логистика занжирини шакллантириш борасида ҳам келишув амалга оширилди.
Поляк томони ҳамкорликнинг амалий жиҳатини муҳокама қилиш мақсадида 2026 йил март ойида Л.Кожёл бошчилигидаги бизнес делегациянинг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш ва Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ҳамда Наманган вилояти ҳокимлигида учрашувлар ўтказишдан манфаатдор эканини билдирди.