Покистоннинг Yunus Textile Mills компанияси билан музокаралар ўтказилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари А.Тўхтаев бошчилигидаги делегация Покистоннинг етакчи тўқимачилик компанияларидан бири — Yunus Textile Mills раҳбарияти билан учрашув ўтказди.
Yunus Textile Mills — Покистоннинг етакчи тўқимачилик компанияси бўлиб, 1983 йилда ташкил этилган ва Taba Group холдинг таркибига киради. Компания оилавий хусусий бизнес сифатида фаолият юритади.
Корхонада тўлиқ ишлаб чиқариш занжири мавжуд: ип ишлаб чиқариш, тўқиш, бўяш ва тайёр маҳсулот тайёрлаш. Ҳар куни 500 минг м², йиллик 180 млн м² тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Барча маҳсулотлар 100% экспорт учун мўлжалланган.
Корхонада 10 000 нафар ходим фаолият юритади. Ишлаб чиқариш жараёнлари Европа ва Япония технологиялари асосида автоматлаштирилган. Асосий маҳсулотлар: уй тўқимачилиги (одевало, ёстиқ, чойшаб, парда, скатерть, сочиқ). Компания 25 турдаги халқаро сертификатларга эга.
Музокаралар давомида Ўзбекистон томони мамлакатимиздаги фаолиятсиз тўқимачилик корхоналари базасида қўшма уй тўқимачилиги ишлаб чиқаришини йўлга қўйиш бўйича таклиф берди. Yunus Textile Mills раҳбарияти мазкур таклифга юқори қизиқиш билдириб, яқин келажакда Ўзбекистонга ташриф буюриш ниятида эканини маълум қилди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро англашув меморандумини имзоладилар, бу эса истиқболли ҳамкорлик ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.