Валюта курслари 30/05/2025
$1 – 12768.26
UZS – -0.49%
€1 – 14400.04
UZS – -0.98%
₽1 – 162.63
UZS – 0.97%
Қидириш
Иқтисод 29/05/2025 Покистоннинг Hub Leather, Muhammad Ashraf ва Irfan Nova компаниялари Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда

Покистоннинг Hub Leather, Muhammad Ashraf ва Irfan Nova компаниялари Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Айни кунларда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари А.Тўхтаев бошчилигидаги делегация Покистоннинг иқтисодий маркази Карачи шаҳрида бўлиб турибди. Ташрифнинг асосий мақсади — икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, хусусан чарм саноатидаги истиқболли йўналишларни аниқлашдан иборат бўлди.

Ташриф доирасида Карачидаги етакчи чарм ишлаб чиқарувчи — Hub Leather, Muhammad Ashraf (Pvt) Ltd., ва Irfan Nova Leather компаниялари раҳбарлари билан кенг миқёсдаги музокаралар ўтказилди.

Йиллик 40 миллион долларлик товар айланмаси ва 30 миллион долларлик экспорт ҳажмига эга Hub Leather халқаро брендлар — Zara, PME Netherlands, Mauritius Germany каби мижозларга хизмат кўрсатади. Компания 700 нафар ходим билан йилига 1,5 миллион дециметр чарм қайта ишлайди. Фаолият LWG, GTW, Sedex каби халқаро экологик стандартларга тўлиқ жавоб беради.

Компания раҳбари жаноб Реҳан қўшма лойиҳалар юзасидан аниқ музокаралар ўтказиш мақсадида 2025 йил июнь ойида Ўзбекистонга ташриф буюришини маълум қилди.

Экспорт ҳажми бўйича Покистоннинг етакчи чарм корхоналаридан саналган Muhammad Ashraf (Pvt) Ltd. 28 миллион долларлик товар айланмаси ва 22 миллион долларлик экспорт ҳажмига эга. Zara, Vercachu, Armani, Trussardi, Bengo, Mango каби брендларга маҳсулот етказади. 1100 нафар ходим билан йилига 1,1 миллион дециметр чарм қайта ишлайди. Ишлаб чиқариш жараёнлари LWG, GTW, BSCI, Sedex, SMETA сертификатларига мувофиқ.

Жаноб Атиф Ўзбекистонда “Ashraf Uzbekistan” номли корхона ташкил этиш ниятида бўлиб, июнь ойида мамлакатимизга ташриф буюриши режалаштирилган.

1987 йилда ташкил этилган Irfan Nova Leather йилига 25 миллион долларлик экспортга эга бўлиб, хом чармдан тайёр кийимгача бўлган тўлиқ занжирни амалга оширади. Йилига 3 миллион дона хом чарм, 60 минг чарм куртка ва 50 мингдан зиёд тайёр маҳсулот экспорт қилинади. Маҳсулотларнинг 80% Zara брендига, шу жумладан аёллар кийимларига етказилади.

Компания 1300 нафар ходимга эга ва LWG, OEKO TEX, GTW, Sedex, BSCI, ISO каби халқаро стандартларга мос ишлайди. Зарур кимёвий моддалар асосан Европа давлатларидан олиб келинади. Жаноб Ирфан июнь ойида Ўзбекистонга ташриф буюриб, ҳамкорликни амалиётга жорий этишни режалаштирмоқда.

Хулоса ўрнида, Карачидаги музокаралар натижасида етакчи уч компания Ўзбекистонда қўшма ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, маҳаллийлаштиришни кенгайтириш ва экспортни ошириш бўйича аниқ келишувларга эришди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ушбу ташаббусларни амалга оширишда инвесторларга барча зарур ҳуқуқий ва ташкилий кўмакни кўрсатишга тайёрлигини тасдиқлайди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг