Валюта курслари 06/10/2025
$1 – 12060.48
UZS – -0.32%
€1 – 14156.59
UZS – -0.47%
₽1 – 146.97
UZS – -1.3%
Қидириш
Покистоннинг етакчи тиббий ва диагностика маркази Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларни амалга ошириши мумкин

Покистоннинг етакчи тиббий ва диагностика маркази Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларни амалга ошириши мумкин

Покистоннинг етакчи тиббий ва диагностика маркази Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларни амалга ошириши мумкин

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Лаҳор шаҳрида Покистоннинг етакчи тиббий ва диагностика тармоқларидан бири «Чугҳтаи Лаб» асосчиси ва раиси Ахтар Чуғтай ҳамда бошқарувчи директор Омар Чуғтай билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА мухбири.

Мулоқот давомида тиббий технологияларни жорий қилиш, мутахассислар малакасини ошириш, қўшма илмий-тадқиқотлар ўтказиш, ўқитувчилар учун академик алмашинув ва таълим дастурлари ташкил этиш каби йўналишларда ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Ўзбекистонда «Чугҳтаи Лаб» филиали ёки қўшма корхонасини очиш имкониятлари кўриб чиқилди.

«Чугҳтаи Лаб» раҳбарияти лабораториянинг ривожланиш тарихи ва ҳозирги ҳолати, компания фаолиятини хорижий бозорларга чиқариш режалари ҳақида маълумот берди. Бу борада Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон муҳим йўналиш сифатида қайд этилди.

Элчи Алишер Тўхтаев мамлакатимизда тиббиёт соҳасини ривожлантириш миллий сиёсатнинг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлаб, бу соҳадаги давлат дастурлари, инновацияларни жорий этиш ва малакали кадрлар тайёрлашга доир ишлар ҳақида тўхталди.

«Чугҳтаи Лаб» раҳбарияти Ўзбекистоннинг мутасадди вазирлик ва идоралари, тиббиёт йўналишидаги олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари билан алоқалар ўрнатиш ҳамда ҳамкорлик масалаларини амалий жиҳатдан ишлаб чиқишга тайёрлигини билдирди.

Томонлар тиббий хизматлар, таълим ва инновациялар соҳасида ҳамкорлик йўналишларини аниқлаш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини амалий тарзда ишлаб чиқиш юзасидан келишиб олди.

«Чугҳтаи Лаб» диагностика хизматлари ва соғлиқни сақлаш соҳасида 40 йилдан зиёд фаолият кўрсатиб келаётган Покистондаги етакчи компаниялардан бири ҳисобланади. 2021 йилдан бошлаб у классик лабораториядан кўп функцияли тузилмага айланиб, радиология, амбулатор ва клиник маслаҳатлар, дорихоналар тармоғи, эмлаш марказлари, тез ёрдам ва уйда тиббий патронаж хизматлари йўналишларини ривожлантирмоқда. Шунингдек, «Чугҳтаи Институте оф Патҳологй» ва тиббиёт коллежи негизида таълим дастурлари ва илмий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Компания мамлакат бўйлаб кечаю кундуз ишлайдиган 350 дан ортиқ таҳлил марказларидан иборат миллий тармоққа эга.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг