Покистоннинг “Alliance Plus Co” компанияси Сирдарёдан финиш чарм харид қилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Покистоннинг чарм саноати корхоналаридан иборат делегация Сирдарё вилоятига ташриф буюриб, маҳаллий ишлаб чиқариш фаолияти билан яқиндан танишди. Меҳмонлар аввало “Peng-Sheng Charm” МЧЖ корхонасида бўлиб, бу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифат кўрсаткичларини ўрганишди. Замонавий технологиялар асосида тайёрланаётган маҳсулотлар делегация аъзоларида катта қизиқиш уйғотди.
Ташриф доирасида муҳим келишувга ҳам эришилди. Покистоннинг “Alliance Plus Co” компанияси маҳаллий корхонамиздан чармнинг финиш шаклини харид қилиш бўйича келишиб олди. Бу эса икки давлат ишлаб чиқарувчилари ўртасидаги савдо алоқалари учун янги имкониятлар эшигини очди.
Сирдарёда амалга оширилган учрашувлар Ўзбекистон чарм саноатининг халқаро бозордаги нуфузини янада мустаҳкамлаб, маҳаллий маҳсулотларга бўлган талаб кенгаяётганини яққол кўрсатди. Янги шартнома эса икки давлат ишбилармонлари учун узоқ муддатли ҳамкорликка асос бўлиб хизмат қилади.