«Первый канал» Тошкентни «Повара на колесах» кўрсатувида намойиш этди
«Первый канал» Тошкентни «Повара на колесах» кўрсатувида намойиш этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Россиянинг “Первый канал” телеканали эфирида Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини тарғиб қилиш доирасида машҳур «Повара на колесах» гастрономик шоусининг мамлакат пойтахти — Тошкентга бағишланган махсус сони намойиш этилди. Дастур суратга олиш ишлари Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси ҳамда мамлакатимизнинг Россиядаги Элчихонаси кўмагида амалга оширилди.
Кўрсатув лойиҳа ижодий гуруҳининг 2025 йил 12–18 сентябрь кунлари Ўзбекистонга ташрифи давомида тайёрланди. Ушбу даврда суратга олиш жамоаси пойтахтнинг тарихий, маданий ва гастрономик мероси билан яқиндан танишди. Лойиҳа асосий мақсади Ўзбекистоннинг сайёҳлик жозибадорлигини тарғиб қилиш ҳамда россиялик томошабинларнинг мамлакат бўйлаб саёҳатларга бўлган қизиқишини оширишдан иборат бўлди.
Россиялик машҳур ошпазлар Антон Ивнитский ва Эдуард Погосов Кўкалдош мадрасаси ҳамда шаҳарнинг марказий майдони каби муҳим тарихий обидаларга ташриф буюрдилар. Суратга олиш жараёнида улар миллий таомлар билан танишиб, шунингдек, ҳаво шарида парвоз қилиб, пойтахтнинг бетакрор манзараларини қуш парвози баландлигидан томоша қилиш имконига эга бўлдилар.
Дастур Тошкентнинг замонавий сайёҳлик муҳитини ва бой гастрономик ранг-баранглигини ёрқин акс эттирди. Пойтахтнинг энг машҳур сайёҳлик кўчаларидан бири — «Сайилгоҳ»да россиялик ошпазлар маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланган ҳолда муаллифлик таомларини тайёрладилар, дегустация эса шаҳар аҳолиси ва меҳмонлари иштирокида бўлиб ўтди.
«Повара на колесах» шоусининг томошабинлар аудиторияси 18 миллиондан ортиқ эканини инобатга олсак, мазкур махсус сон Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини Россия бозорида тарғиб қилишда самарали восита бўлди.