Пеп Гвардиола «Брайтон» билан дурангдан сўнг Абдуқодир Ҳусановни мақтади
Пеп Гвардиола «Брайтон» билан дурангдан сўнг Абдуқодир Ҳусановни мақтади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Манчестер Сити» бош мураббийи Пеп Гвардиола чәршанба куни Англия Премьер-лигаси доирасида «Брайтон»га қарши уйда ўтган ва 1:1 ҳисобида якунланган учрашувдан кейин дебютант Макс Аллейн ҳамда марказий ҳимоядаги унинг шериги — Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановнинг ўйинини юксак баҳолади.
Ҳафта бошидагина «Уотфорд»даги ижарадан «Сити» таркибига қайтган Аллейн ва Ҳусанов «шаҳарликлар»нинг янгиланган ҳимоя чизиғи марказида жуфтлик ҳосил қилди. Икки ҳимоячи ҳам чемпионатнинг энг динамик ва тажовузкор жамоаларидан бирига қарши ишончли ҳаракат қилиб, индивидуал ўйиннинг юқори даражасини намойиш этди.
«Манчестер Сити» ҳисобни 40-дақиқада очди — Эрлинг Холанд пенальтини аниқ амалга оширди, аммо танаффусдан сўнг Каору Митома 60-дақиқада гол уриб, ҳисобни тенглаштирди. Натижада Гвардиола жамоаси устунликни сақлаб қололмади ва кетма-кет учинчи ўйинда дуранг қайд этди.
Учрашув якунларини сарҳисоб қилар экан, испаниялик мутахассис ёш марказий ҳимоячиларнинг ҳиссасини алоҳида таъкидлаб, уларнинг салоҳияти ва истиқболини қайд этди.
«Улар ажойиб ўйнашди. Ҳусанов эса жуда ажойиб эди. У бизга, айниқса, ҳимоя ортига узатилган узун тўплар пайтида жуда катта ёрдам берди», — деди Гвардиола.
Мураббийнинг сўзларига кўра, ўзбекистонлик ҳимоячи майдон кенглигини ишончли назорат қилди ва ҳимояда яхши ўйин кўрсатди. «У яна ўсади, унга тўпни айлантириш ва ҳужумларни қуришда кўпроқ иштирок этиш керак, лекин бу вақт масаласи. Бугун у энг юқори даражада ҳаракат қилди», — дея қўшимча қилди «Сити» устози.
Гвардиола Макс Аллейннинг ўйинини ҳам алоҳида қайд этиб, ҳимоячи ўйиндан атиги икки кун олдин жамоага қўшилгани ва фақат битта машғулот ўтказишга улгурганини таъкидлади. «Албатта, у аввал ҳам биз билан кўп машғулот қилган. Мен “Уотфорд” ва Хави Грасияга миннатдорчилик билдирмоқчиман — улар уни футболчи сифатида ўсишига катта ёрдам беришди», — деди у.
Мураббийнинг таъкидлашича, Аллейн ўтиш фазаларида тезкор ҳаракат қилди ва бутун ўйин давомида ишончли ўйнади. «У тўп билан бир марта хатога йўл қўйди, аммо қолган барча жиҳатларда жуда аъло эди», — деди Гвардиола.
«Афсуски, бугун Премьер-лигада ғалабага эриша олмадик, аммо келажакда унинг бундай ғалабалари яна жуда кўп бўлади», — дея хулоса қилди «Манчестер Сити» бош мураббийи.
#Аюдуқодир Ҳусанов