Пенсия жамғармаси «пенсияни ошириш» таклифи билан қўнғироқ қилаётган фирибгарлардан огоҳлантирмоқда
Пенсия жамғармаси «пенсияни ошириш» таклифи билан қўнғироқ қилаётган фирибгарлардан огоҳлантирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Пенсия жамғармаси кекса ёшдаги фуқароларни телефон орқали содир этилаётган фирибгарлик ҳолатлари ҳақида огоҳлантирмоқда.
Сўнгги пайтларда номаълум рақамлардан қўнғироқлар кўпайиб, уларда фирибгарлар гўёки пенсия яқин вақтда оширилиши ҳақида хабар бериб, банк картаси ёки паспорт маълумотларини тақдим этишни талаб қилмоқда.
Фирибгарлар кўпинча ўзларини банк ёки Пенсия жамғармаси ходими сифатида таништириб, шахсий маълумотлар берилмаса пенсия оширилмаслиги ҳақида айтиб, фуқароларни чалғитмоқда.
Пенсия жамғармаси барча пенсионерларга мурожаат қилади: муассаса ходимлари ҳеч қачон шахсий маълумотлар, банк картаси реквизитлари ёки СМС орқали келган кодларни сўраб қўнғироқ қилмайди. Ҳеч қандай ҳолатда ушбу маълумотларни бегона шахсларга берманг.
Шубҳали қўнғироқларга дуч келинганда, дарҳол Пенсия жамғармасининг ишонч телефони 1271 рақамига қўнғироқ қилиш ёки ички ишлар органларига 102 рақами орқали мурожаат этиш лозим.
Ҳушёр бўлинг ва фирибгарларнинг найрангларига учманг.