Пенсильванияда Ўзбекистон фуқаролари қўлга олинди
Пенсильванияда Ўзбекистон фуқаролари қўлга олинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — АҚШнинг Пенсильвания штатида Иммиграция ва божхона назорати хизмати — ICE ходимлари томонидан 13 нафар шахс қўлга олинди, улар орасида Ўзбекистондан чиққан фуқаролар ҳам бор.
Ҳодиса Армстронг округида, PennDOT Driver License Center яқинида жойлашган ҳайдовчилик гувоҳномаси бериш маркази олдида содир бўлган. Киттэннинг шаҳридаги мазкур муассаса ҳузурида кўп сонли одамлар тўплангани ҳақида маҳаллий аҳолидан хабар келиб тушгач, АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги маълумотига кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар воқеа жойига етиб келган.
Ходимлар келганидан сўнг қўлга олиш ишлари бошланган. Идорада маълум қилишларича, ушланганлар орасида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Туркманистон фуқаролари бўлиб, улар АҚШ ҳудудида яшашга рухсатсиз бўлган.
Маълум қилинишича, ушланганлардан бири қаршилик кўрсатиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимига ҳужум қилган.
АҚШ ҳокимиятлари мазкур ҳолат юзасидан текширув ишларини давом эттирмоқда.