Пекинда Ўзбекистон Туризм офиси очилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 1 сентябрь куни Хитой Халқ Республикасининг пойтахти Пекин шаҳрида Ўзбекистон Туризм офисининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбир олий даражадаги расмий ташриф доирасида ўтказилиб, икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатлар, ўзаро ишонч ва стратегик шерикликнинг яна бир ёрқин далили бўлди.
Маросимда Туризм қўмитаси раиси Умид Шодиев, Хитой Саноат ва савдо федерацияси Пекин ташқи ва маданий савдо ассоциацияси ижроия директори Чи Лу, Хитойнинг етакчи туризм компаниялари ва бошқа расмий меҳмонлар иштирок этдилар.
Нутқларда таъкидланишича, Пекинда Туризм офисининг очилиши Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги туризм алоқаларини кенгайтириш учун янги имкониятлар яратади, Хитойнинг йирик туроператорларига ўзбек бозорига чиқишда кўмаклашади, шунингдек, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва туризм соҳасига инвестициялар жалб этиш майдонига айланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ташаббуслари туфайли охирги йилларда икки мамлакат ўртасидаги туризм ҳамкорлиги жадал ривожланаётгани қайд этилди. Мухим қадамлардан бири сифатида 2025 йил 1 июндан 30 кунлик визасиз режим жорий этилгани, шунингдек, икки давлат ўртасида ҳафтасига 50 дан ортиқ мунтазам авиақатнов йўлга қўйилгани ва улар сонини 100 тага етказиш режалаштирилаётгани таъкидланди.
Ҳамкорликка қўшимча туртки сифатида 2025 йил «Ўзбекистон туризми йили Хитойда» деб эълон қилинди. Йил давомида Ўзбекистон делегациялари Хитойнинг тўққиз йирик шаҳрида тақдимотлар ва роуд-шоулар ўтказди, туризм кўргазмаларида иштирок этди, йил охиригача мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам янги промоакцияларни ўтказиш режалаштирилган.
Ўзбек томони олдига катта мақсад қўйган — 2030 йилга қадар Хитойдан келадиган сайёҳлар сонини 3 миллион нафарга етказиш.
Пекинда Туризм офисининг очилиши бу мақсадга эришиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири сифатида кўрилмоқда.
Маросим якунланишида Ўзбекистон вакиллари хитойлик меҳмонларни мамлакатга ташриф буюришга таклиф этиб, республика Хитой туристлари учун очиқ, меҳмондўст ва қулай йўналиш эканини таъкидладилар.