Педагоглар ва иқтидорли ўқувчиларни дам олиш масканларига қабул қилиш тартиби белгиланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ҳукумат қарори билан “Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги дам олиш масканларига дам олувчиларни қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.
Низомга кўра, масканларга йўлланмалар йил давомида берилиб, у ерда дам олиш 12 кунлик кун тартиби асосида амала оширилади.
Дам олиш ҳар йили қуйидаги муддатларда ташкил этилади:
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (Вазирлик) тизими ходимлари ва илғор педагоглар учун – сентябрь-май ойларида;
иқтидорли ўқувчилар учун – июнь-август ойларида.
Ҳар бир ҳудудда масканларга дам олувчиларни саралаш учун комиссиялар ташкил этилади.
Комиссиялар томонидан масканларга 7-14 ёшли иқтидорли ўқувчилар белгиланган мезонлар асосида танлаб олинади.
Шунингдек, дам олиш масканига қуйидаги илғор педагоглар танлаб олинади:
халқаро олимпиадалар ғолибларини тайёрлаган ўқитувчилар;
ўқитувчи бўлиб фаолият юритаётган халқаро олимпиадалар ғолиблари;
хорижий тил ва STEAM фанларидан мутахассислиги бўйича халқаро сертификатларга эга ўқитувчилар;
асосий олимпиадаларнинг республика босқичи ғолибларини тайёрлаган ўқитувчилар;
республика босқичидаги кўрик-танловларда фахрли ўринларга эга бўлган ўқитувчилар;
олий ва 1-малака тоифасига эга бошланғич синф ўқитувчилари, мактабгача таълим ташкилотлари педагоглари;
асосий олимпиадаларнинг вилоят босқичи ғолибларини тайёрлаган ўқитувчилар.
Белгиланган мезонлар бўйича дам олувчиларга кетма-кетлик асосида йўлланмалар берилади.