"Пахтакор" финалда "Бухоро" билан тўқнаш келади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон кубогининг ярим финал учрашувлари мухлисларга ҳақиқий драмани улашди. Бухорода маҳаллий "Бухоро" жамоаси "Сўғдиёна" устидан тарихи ғалабага эришиб, клуб тарихида илк бор финалга йўл олди.
Меҳмонлар ҳужумкор ўйин бошлашди ва 16-дақиқадаёқ Доминик Бегич ҳисобни очди. Ўн икки дақиқа ўтиб эса Фране Икич устунликни иккитага оширди.
Биринчи бўлимдаги ишончли устунликдан сўнг, иккинчи яримтаёмда "Бухоро" жиддий синовга дуч келди. 72-дақиқада Жасур Жалолиддинов ҳисобни қисқартирди, 90+1-дақиқага келиб эса Филип Иванович бош билан йўллаган аниқ зарбаси билан дурангни таъминлади ва беллашув қўшимча вақтга ўтди. Фақатгина 117-дақиқада Нодирбек Аҳмаджоновнинг узоқ масофадан йўллаган кучли зарбаси "Бухоро"га клуб тарихидаги ёрқин ғалабани тақдим этди.
Тошкентда ўтган иккинчи ярим финалда "Пахтакор" ва "Динамо" кескин кураш олиб боришди. Асосий ва қўшимча вақтда ҳисоб очилмади. Ғолиб пенальтилар сериясида аниқланди — "Шерлар" 4:2 ҳисобида устун келиб, финалга чиқишди.
Ўзбекистон кубоги финал ўйини 29 октябрь куни Андижондаги "Бобур Арена" стадионида бўлиб ўтади.
Ҳал қилувчи беллашувда "Бухоро" илк бор финалда майдонга тушса, "Пахтакор" эса навбатдаги соврин учун курашади.