Пахта етиштиришда интенсив агротехнологиялар кенг жорий этилади
Пахта етиштиришда интенсив агротехнологиялар кенг жорий этилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Пахтачилик ва ғаллачиликда ҳосилдорликни ошириш учун юқори самарадор интенсив агротехнологияларни қўллашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–370-сон) қабул қилинди.
Қарорга кўра, қуйидагилар 2026 йил учун асосий мақсадли кўрсаткичлар этиб белгиланди, жумладан:
замонавий интенсив агротехнологияларни кенг жорий этиш натижасида ҳосилдорликни пахтачиликда 50 центнердан ошириш, ғаллачиликда 100 центнерга етказиш;
илм-фан ютуқлари ва устоз-шогирд анъаналарига асосланган янги тизимни жорий этиш орқали пахтачиликда ҳосилдорликни ошириш.
2026 йил ҳосилидан бошлаб:
тупроқнинг 1 бонитет балига нисбатан норматив ҳосилдорликка (центнер/гектар) 0,7 коэффициентни қўллаган ҳолда пахта хомашёсини етиштириш учун имтиёзли кредитлар ажратилади. Бунда:
имтиёзли кредитларнинг 0,6 коэффициентдан ошган қисми учун ликвидли гаров таъминоти тақдим этилади;
пахта етиштиришда агротехник тадбирларни амалга ошириш, шу жумладан, плёнка ва томизғичли шлангларни харид қилиш харажатлари имтиёзли кредитлар ҳисобидан амалга оширилади. Бунда:
имтиёзли кредитлар тижорат банклари орқали ҳар йили январь – август ойларида ажратилади;
йил давомида имтиёзли кредит лимитининг 50 фоизгача қисмидан фойдаланган пахта етиштирувчи фермер хўжаликларига белгиланган тартибда сотилган пахта қийматининг 5 фоизи миқдорида субсидия ажратиш тизими жорий қилинади.