Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеясининг биринчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 6 апрель куни Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеясининг “Ижтимоий тараққиёт ва адолат учун парламент ҳаракати” мавзусидаги биринчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисни Парламентлараро иттифоқ Президенти Тулия Эксон очиб берди.
Тулия Эксон ўз нутқида парламентлар жаҳон миқёсидаги ижтимоий мувозанатни тиклаш, барқарорлик ва адолатни таъминлашда ҳал қилувчи сиёсий институт сифатида фаол иштирок этиши зарурлигини алоҳида таъкидлади.
Мажлис давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева Ассамблея Президенти сифатида минбарга таклиф этилди.
Танзила Нарбаева ўзининг кириш сўзида Ўзбекистоннинг олиб бораётган ижтимоий ислоҳотлари, ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш борасидаги кенг кўламли ташаббуслар ва халқаро ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, у барча делегацияларни очиқ мулоқотга чорлаб, ялпи мажлис ишига муваффақиятлар тилади.
Ассамблея доирасидаги фикр алмашуви янги амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиши, улар якуний ҳужжатлар ассосида парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши қайд этилди.
Ялпи мажлис якунида Сенат Раиси барча иштирокчиларни очиқ ва конструктив мулоқот учун миннатдорлик изҳор этди.