ЎзРВБ ва Осиё тараққиёт банки молиявий сектор ислоҳотларининг истиқболларини муҳокама этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси валюта биржаси (ЎзРВБ) Осиё тараққиёт банки (ОТБ)нинг кредитлаш сиёсати доирасидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга қаратилган молиявий сектордаги ислоҳотларни баҳолаш миссияси делегациясини қабул қилди.
ОТБ делегациясига молиявий соҳа бўйича бош мутахассис, миссия раҳбари Бенита Айнабе хоним раҳбарлик қилди. Ташрифнинг асосий мақсади капитал бозори асосий иштирокчиларининг ушбу бозордаги ислоҳотлар юзасидан нуқтайи назарини ўрганиш ҳамда мавжуд ташкилий ва тартибга солишга доир муаммоларни таҳлил қилишдан иборат бўлди.
Учрашув давомида ЎзРВБ Бош директори Рашид Усманов биржа фаолияти тўғрисида батафсил тўҳталиб, унинг Ўзбекистон капитал бозори инфратузилмасини ривожлантиришдаги стратегик ролига алоҳида эътибор қаратди. Шунингдек, у 2024 йилда қабул қилинган ЎзРВБнинг ўрта муддатли ривожланиш стратегиясидаги биржа савдоларининг шаффофлигини ва самарадорлигини оширишга қаратилган устувор йўналишлари тўғрисида гапириб берди.
Томонлар бозор инфратузилмасини ривожлантириш масалаларига, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг жорий ҳолатига алоҳида эътибор қаратдилар. ОТБ вакиллари ЎзРВБнинг бозор инфратузилмасини, савдо ва ҳисоб-клиринг механизмларини янада такомиллаштириш, бозорга кенг доирадаги, жумладан хорижий инвесторларни кўпроқ жалб этишни таъминлайдиган меъёрий-ҳуқуқий базани шакллантириш бўйича амалга оширилаётган ишларга қизиқиш билдирдилар.
Мулоқот доирасида ЎзРВБнинг биржада стратегик лойиҳаларни амалга оширишда техник ёрдам юзасидан мурожаатнинг ҳолати ҳам муҳокама этилди.
ЎзРВБ ОТБ делегациясига мазмунли мулоқот учун миннатдорчилик билдирган ҳолда, Ўзбекистон капитал бозорининг барқарор, шаффоф ва рақобатбардош тизимини шакллантириш мақсадида келгусида ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини маълум қилди.