«Ўзметкомбинат» Ўзбекистонда биринчи иссиқ ҳолда прокатланган пўлат ўрамларини прокат ишлаб чиқариш корхонасини ишга тушириш учун 132,5 миллион евро маблағ жалб қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Лондонда «Ўзметкомбинат» АЖ Ўзбекистонда биринчи бўлган иссиқ ҳолда прокатланган пўлат ўрамларини ишлаб чиқарувчи мажмуа – Қуюв-прокатлаш мажмуасининг қурилишини якунига етказиш мақсадида 7 йил муддатга 132,5 млн евро миқдорида кредит шартномасини имзолади.
Молиялаштириш Standard Chartered Bank (Буюк Британия) ва KfW IPEX-Bank GmbH (Германия) томонидан Ислом инвестициялари ва экспорт кредитларини суғурталаш корпорацияси (ICIEC) суғурта кафолати остида ташкил қилинди.
Олинган маблағлар Қуюв-прокатлаш мажмуасининг қурилиши, фойдаланишга топширилиши ва ишга туширилиши билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш ҳамда қайта молиялаштириш йўналишида ишлатилади.
“Биз Ўзбекистоннинг саноат ривожланишига билдирилган ишонч ва узоқ муддатли қўллаб-қувватлаш учун Standard Chartered Bank, KfW IPEX-Bank GmbH ва ICIEC'га самимий миннатдорчилик билдирамиз. Ушбу стратегик молиялаштириш кучли халқаро ҳамкорликни акс эттиради ва компаниямиз учун янги боб — мамлакатда биринчи маротаба иссиқ ҳолда прокатланган пўлат ўрамларининг маҳаллий ишлаб чиқарилиши бошланиши ҳисобланади. Лойиҳа импортга бўлган боғлиқликни сезиларли даражада камайтиради, маҳаллий таъминот занжирларини мустаҳкамлайди ва миллий иқтисодиётнинг асосий тармоқларига янги туртки беради”, деди «Ўзметкомбинат» АЖ Бош директори Баҳодир Абдуллаев.