«Ўзелтехсаноат» ва KEIC ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 6 май куни «Ўзелтехсаноат» уюшмасига Корея Республикасининг Корея электротехника саноати кооперативи (KEIC) раиси Чон Мёнг Хва бошчилигидаги делегация расмий ташриф билан келди.
Мазкур делегация таркибида қуйидаги компаниялар вакиллари иштирок этди:
• Баэк Бюнг Нам, KEIС бош директори
• Жанг Ҳо Вон, Hapdong Electronics IND Co., Ltd бош директори
• Ан Ҳи Деок, Shinwon Electronics бош ижрочи директори
• Жин Бёнг Юн, Chang Hung Telecom Co., Ltd бош ижрочи директори
• Ким Донг Ҳва, Ora System Co., Ltd бош директори
• Шин Ёнг Ин, DH Media Tech Co., Ltd бош директори
• Ли Санг Оюк, Soldia Co., Ltd бош директори
Учрашув давомида «Ўзелтехсаноат» уюшмаси раиси Мирзиёд Юнусов ва уюшма раиси ўринбосари Фаридун Абдуалимов хорижий меҳмонлар билан музокаралар олиб бордилар. Томонлар ўз ташкилотлари фаолияти ва вазифалари ҳақида батафсил маълумот алмашди.
KEIC раиси Чон Мён Хва ташрифдан кўзланган мақсадни Ўзбекистондаги инвестицион муҳитни ўрганиш ҳамда электротехника соҳасида янги ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилиш сифатида таъкидлади.
Делегация таркибидаги “DH Media Tech Co., Ltd.” бош директори Шин Ёнг Ин ҳам сўзга чиқиб, компания хорижий фаолиятини кенгайтиришда биринчи бўлиб Ўзбекистонни танлаганини билдирди. У 2024 йилда Чирчиқ шаҳрида очилган “DHMT Global” корхонаси ҳақида сўз юритди. У ерда KOMT бренди остида микрофонлар, овоз кучайтиргичлар, микшерлар, конференция тизимлари, аудио эквалайзерлар, ДЖ ва овоз ёзиш ускуналари ишлаб чиқарилиши қайд этилди.
Ушбу муваффақиятли тажриба Кореянинг бошқа электротехника компанияларини ҳам Ўзбекистон билан амалий ҳамкорликни йўлга қўйишга ундаётганлиги билдирилди.
Уюшма раиси Мирзиёд Юнусов меҳмонларга юртимиз электротехника саноатининг ҳозирги ҳолати, Корея билан олиб борилаётган ҳамкорлик алоқалари, янги инвестицион лойиҳалар учун яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Томонлар музокара давомида қуйидаги йўналишларда ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича таклиф ва ғоялар алмашишди:
• янги инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш,
• электротехника соҳасидаги ходимлар малакасини Кореяда ошириш,
• илғор технологияларни жорий қилиш ва ўзаро тажриба алмашиш.
Ташриф якунида «Ўзелтехсаноат» уюшмаси ҳамда KEIC ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Ҳар икки томон ҳам ҳамкорликдан манфаатдор эканини, музокаралар давомида муҳим келишувларга эришилганини алоҳида қайд этди.