Валюта курслари 20/06/2025
$1 – 12559.26
UZS – -0.47%
€1 – 14413.01
UZS – -0.71%
₽1 – 160.17
UZS – -0.41%
Қидириш
Иқтисод 23/05/2025 «Ўзелтехсаноат» уюшмасида Хитойнинг йирик энергетика компаниялари билан учрашув бўлиб ўтди

«Ўзелтехсаноат» уюшмасида Хитойнинг йирик энергетика компаниялари билан учрашув бўлиб ўтди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йил 22 май куни «Ўзелтехсаноат» уюшмасида Хитойнинг йирик энергетика компаниялари – "China Electrical Equipment", "China Huadian Overseas Investment" ва "Poly Changda" вакиллари билан учрашув ташкил этилди.

Учрашувда Хитой томонидан "China Electrical Equipment" компаниясининг Ўзбекистондаги бош вакили Ма Жун, шунингдек "China Huadian Overseas Investment" ва "Poly Changda" компанияларининг масъул вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон томонидан Энергетика вазирлиги, «Ўзелтехсаноат» уюшмаси ҳамда мамлакатда фаолият юритаётган кабель маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи етакчи корхоналар вакиллари қатнашди.

Муҳокама мавзуси: Жиззах вилояти Фориш туманида барпо этилиши режалаштирилаётган 500 МВт қувватга эга қуёш электр станцияси ҳамда компанияларнинг республика ҳудудида муқобил энергетика йўналишида келгусида амалга ошириши режалаштирилган лойиҳалари доирасида, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан кабель маҳсулотларини кооперация асосида етказиб бериш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар ушбу йирик энергетика лойиҳасида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлардан кенг фойдаланиш, айниқса кабель маҳсулотларини маҳаллийлаштириш, транспорт ва логистика жараёнларини оптималлаштириш, шунингдек узоқ муддатли ҳамкорлик йўналишларини йўлга қўйиш юзасидан фикр алмашдилар.

Учрашув якунида лойиҳа иштирокчилари ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва маҳаллий саноат салоҳиятидан самарали фойдаланиш бўйича амалий чораларни белгилаб олишди.

Мазкур лойиҳа Ўзбекистоннинг қайта тикланувчи энергия манбаларини кенгайтириш ҳамда миллий энергетика тизимини модернизация қилишда муҳим босқичлардан бири бўлиб, хусусий сектор билан халқаро ҳамкорликни чуқурлаштириш имконини беради.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг