«Ўзелтехсаноат» компанияси Shenzhen World 2025 кўргазмасида Ўзбекистон номидан иштирок этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Хитойнинг CPCA ассоциасияси таклифи билан «Ўзелтехсаноат» уюшмаси масъул ходимлари ва корхоналари "Shenzhen World Exhibition 2025"кўргазмасида қатнашди
«Ўзелтехсаноат» уюшмаси масъул ходимларидан иборат делегация Хитой Халқ Республикасида ишбилармонлик ташрифи билан бўлиб турибди. Ташрифнинг асосий мақсади — электроника, босма плата (PCB) саноати ва компонентлар бўйича ҳамкорликни кенгайтириш, илғор технологияларни жорий этиш, инвестицион алоқаларни ривожлантиришдир.
Делегация «China Printed Circuit Association» (CPCA) билан музокаралар ўтказиб, қўшма лойиҳалар, технологик трансфер ва корхоналар ўртасидаги кооперацияни кучайтириш масалаларини муҳокама қилмоқда.
Шунингдек, 2025 йил 28–30 октябрь кунлари Шенчжен шаҳрида ўтказилаётган «Shenzhen World Exhibition 2025» халқаро кўргазмасида Уюшма аъзолари ҳам фаол иштирок этди. Кўргазма доирасида Хитойнинг етакчи компаниялари билан ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш бўйича учрашувлар ўтказилди.
CPCA — Хитой Электроника ва АКТ вазирлиги тасарруфида фаолият юритувчи, PCB ва электрон йиғмалар саноатини бирлаштирган миллий уюшма бўлиб, 1200 дан ортиқ аъзони қамраб олади. «Shenzhen World Exhibition 2025» эса электрон компонентлар, PCB ва смарт-технологиялар йўналишидаги энг йирик халқаро кўргазмалардан биридир.