«Ўзбекнефтгаз» Upwing Energy билан инновацияларни муҳокама қилди
«Ўзбекнефтгаз» Upwing Energy билан инновацияларни муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқарув раиси Абдуғани Сангинов АҚШнинг “Upwing Energy” компанияси президенти ва Бош ижрочи директори Херман Артиниан билан учрашув ўтказди.
Мулоқотда замонавий технологияларни жорий этиш орқали самарадорлиги паст бўлган газ қудуқларида қазиб олиш ҳажмини ошириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Жорий йилнинг январь ойида томонлар ўртасида онлайн музокаралар ўтказилиб, “Upwing Energy” компанияси томонидан паст самарали қудуқларда қазиб чиқариш ҳажмини кўпайтиришга қаратилган технологиялар бўйича тақдимот ўтказилган эди. Шунингдек, ҳамкорликнинг дастлабки босқичлари доирасида Жамият мутахассислари томонидан таҳлил ўтказиш учун геологик ва техник маълумотлар ўрганилган.
Учрашув давомида мазкур маълумотлар асосида ўтказилган дастлабки таҳлил натижалари ва ҳамкорликни амалга оширишнинг кейинги босқичлари белгилаб олинди.
Томонлар замонавий технологияларни жорий этиш орқали қазиб олиш ҳажмини кўпайтириш, мавжуд қудуқлар самарадорлигини ошириш ҳамда соҳада инновацион ечимларни қўллаш бўйича ҳамкорликни давом эттиришдан манфаатдор эканликларини таъкидладилар.