“Ўзбекнефтгаз” АЖ McKinsey компанияси билан энергетикани ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Ўзбекнефтгаз” АЖ раҳбарияти АҚШнинг “McKinsey & Company” халқаро консалтинг компаниясининг катта ҳамкори Ермолай Солженитсин бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.
Мулоқот чоғида энергетика соҳасининг долзарб масалалари ва ривожланиш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашувда жаҳон ва минтақавий энергетика бозоридаги ҳозирги ҳамда келгусидаги тенденциялар бўйича фикр алмашилди. Шунингдек, энергия тизимларининг самарадорлиги ва барқарорлигини ошириш, паст углеродли иқтисодиётга ўтишда инновацион технологиялар ҳамда замонавий бошқарув ёндашувларини жорий этиш масалалари кўриб чиқилди.
Томонлар “McKinsey & Company” халқаро экспертлари билан ҳамкорлик корпоратив бошқарувни мустаҳкамлаш, институционал барқарорликни ошириш ҳамда “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг стратегик ривожланиш салоҳиятини янада кучайтиришга хизмат қилишини таъкидладилар.
Қайд этиш жоизки, “МсКинсей & Сомпанй” — дунёдаги етакчи консалтинг корпорацияларидан бири бўлиб, ҳукуматлар ва йирик компанияларга бошқарув бўйича маслаҳат хизматларини кўрсатади.
66 мамлакатда 150 дан зиёд ўз офисларига эга мазкур компания Марказий Осиё минтақасида 20 йилдан буён тоғ-кон ҳамда нефть-газ соҳаларида қатор йирик лойиҳаларни амалга оширган.