«Ўзбекнефтегаз» ва «КазМунайГаз» нефть ва газ соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бугун «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси Баҳодир Сидиқов ва «КазМунайГаз» АЖ Бошқаруви раиси Асхат Хасенов ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Томонлар давлатларимиз раҳбарларининг дўстона мулоқотлари натижасида икки қардош халқ ўртасида барча соҳаларда ҳамкорлик алоқалари тобора ривожланиб бораётгани, жумладан нефть ва газ соҳасида ҳам иккита давлат компанияси ўртасида истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилаётганини мамнуният билан таъкидладилар.
Мулоқотда нефть-газ соҳасидаги манфаатли ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, уни янада кенгайтириш, ўзаро иқтисодий интеграцияни мустаҳкамлаш ҳамда қўшма ташаббусларни амалий ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Музокара якунида икки компания ўртасида амалий ҳамкорликни янада жадаллаштириш, геология-қидирув ишларини амалга ошириш ва углеводород хомашёсини чуқур қайта ишлаш бўйича истиқболли йўналишлар юзасидан ўзаро шерикликни кейинги босқичга олиб чиқишга келишиб олинди.