«Ўзбекнефтегаз» банкротлик хавфи туфайли «Гиссарнефтгаз» билан бирлашишни режалаштирмоқда

«Ўзбекнефтегаз» банкротлик хавфи туфайли «Гиссарнефтгаз» билан бирлашишни режалаштирмоқда

«Ўзбекнефтегаз» банкротлик хавфи туфайли «Гиссарнефтгаз» билан бирлашишни режалаштирмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқарув раиси бошчилигида ўтказилган навбатдаги аппарат йиғилишида жорий йил I-чораги ҳамда “Долзарб 100 кунлик” дастури натижалари танқидий руҳда кўриб чиқилди.

Бошқарув раиси геология йўналишини ривожлантиришга қаратилган кенг имкониятлар, ажратилаётган молиявий ресурслар ва яратилаётган шароитларга қарамасдан, соҳада кутилган натижаларга эришилмаётганини танқид қилди. Қайд этилганидек, амалга оширилаётган ишлар ҳажми билан уларнинг амалий самараси ўртасида жиддий номутаносиблик сақланиб қолмоқда.

Жумладан, инвестицияларни ўзлаштириш кўрсаткичлари расмий жиҳатдан ижобий баҳоланиши мумкин — режа 100,1 фоизга бажарилган. Бироқ, мазмунан таҳлил қилинганда, вазият мутлақо бошқача манзарани намоён этмоқда. Ўсиш суръати атиги 63,4 фоизни ташкил этган бўлиб, бу ўтган даврга нисбатан 111,4 млн доллар кам ўзлаштирилганини англатади. Яъни, рақамлар ортида реал пасайиш ва самарадорликнинг етарли эмаслиги яққол кўзга ташланмоқда.

Бунга масъуллар томонидан кўрсаткичлар ижросига етарлича эътибор берилмаётгани, мавжуд захиралар ишга солинмаётгани сабаб бўлаётгани қайд этилди.

Барча даражадаги раҳбарларга жорий йил 1-чорак якуни бўйича ишлаб чиқариш, молиявий-иқтисодий ҳисоботларни масъул идора ва ташкилотларга топширишдан аввал яна бир бора танқидий кўриб чиқиб, режа ижроси ва ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича ишларни жадаллаштириш юзасидан қатъий топшириқлар берилди.

Шунингдек Жамият иштирокидаги қўшма корхоналар фаолиятини таҳлил қилиш жараёнида ушбу йўналишда тизимли муаммолар мавжудлиги аниқланди. Хусусан, уларнинг молиявий натижалари ҳамда иқтисодий самара кутилган даражада эмаслигига алоҳида эътибор қаратилди.

Шу нуқтайи назардан, Жамият иштирокидаги 9 та қўшма корхонадан атиги 2 таси дивиденд тўлаётгани жиддий муаммо сифатида кўрсатилди. Жамиятда қўшма корхоналар фаолияти устидан назорат ва мониторинг тизими самарасиз экани қайд этилди.

Жумладан, асосий корхоналардан бири — «Гиссарнефтгаз». Лойиҳа қиймати 157 млн доллар бўлиб, 2016–2025 йилларга мўлжалланган режа кўрсаткичи 13,2 млрд куб метр газни ташкил этган. Амалда эса 2,2 млрд куб метр (16,4%) ижро қилинган. Конденсат ва нефть қазиб чиқариш кўрсаткичлари ҳам орқада. Шу билан бирга харажатлар 40 фоизга, зарар 70 фоизга ошган. 550 нафар ходим фаолият юритадиган корхонада оптималлаштириш ишлари амалга оширилмаган. Ишчи ходимларнинг ойлик маошлари ҳам ўз вақтида тўлаб берилмаяпти.

Бошқарув раиси томонидан банкрот ҳолатига яқинлашиб қолган корхона фаолиятини чуқур ўрганиш, захиралар самарадорлигини қайта баҳолаш, корхонани «Ўзбекнефтгаз» АЖ таркибига қўшиш бўйича музокаралар бошлаш топширилди. Қўшма корхоналар билан ишлашни самарали ташкил этмагани учун Активларни бошқариш департаментининг Инвестиция активларини бошқариш бўлими бошлиғи лавозимидан озод этилди.

Йиғилиш давомида ишлаб чиқариш жараёнларидаги узилишлар, авария ҳолатлари ҳамда уларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар танқидий муҳокама қилинди.

Хусусан, Газлида юз берган авария ҳолати таҳлил қилинди. Бошқарманинг энергетика тизимида йўл қўйилган камчиликлар сабаб компрессор станцияси агрегати тўхтаб қолгани натижасида кунлик қазиб чиқариш ҳажми 207 минг куб метрга камайганига эътироз билдирилди.

Муддатини ўтаб бўлган эски қудуқлар ҳисобига газ қазиб чиқариш кўрсаткичлари пасайиб бораётган бир шароитда, айрим масъулларнинг бефарқлиги сабаб объектларда содир бўлаётган авариявий тўхталишлар газ ҳажмини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларга салбий таъсир кўрсатмоқда, - деди Бошқарув раиси.

Йиғилиш якунида берилган топшириқларга масъулиятсиз ёндошгани, йўл қўйган хатолари учун Бошқарув раисининг қайта ишлаш бўйича ўринбосари, Ишлаб чиқаришни техник тартибга солиш департаменти раҳбарига ҳайфсан эълон қилинди. Шунингдек, Углеводородларни қазиб чиқариш департаменти, Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси раҳбарларига ойлик маошининг 50 фоизини ушлаб қолиш бўйича топшириқ берилди. Шу билан бирга, ушбу ҳолатни келиб чиқишига сабабчи бўлган бошқарма ходимларига нисбатан интизомий жазо кўриш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Масъулларга «Ўзбекнефтгаз» АЖ билан ҳамкорликда ташкил этилган қўшма корхоналар фаолиятини ҳам таҳлил қилган ҳолда таклиф киритиш топшириғи берилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг