Валюта курслари 17/12/2025
$1 – 12105.56
UZS – -0.2%
€1 – 14232.51
UZS – -0.09%
₽1 – 152.56
UZS – -0.31%
Қидириш
Ўзбекистон–Япония: эришилган ютуқлар ва ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари

Ўзбекистон–Япония: эришилган ютуқлар ва ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари

Ўзбекистон–Япония: эришилган ютуқлар ва ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) —  Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён иқтисодий, сиёсий, илмий-маърифий ҳамда гуманитар соҳаларда изчил ривожланиб келмоқда.

Япония Ўзбекистоннинг энг ишончли ва узоқ муддатли ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Ўнлаб йиллар давомида Япония Ўзбекистоннинг модернизация, илғор технологияларни жорий этиш ва барқарор иқтисодий ўсишга қаратилган сиёсатини фаол қўллаб-қувватлаб келмоқда. Япония инвестициялари, технологиялари ва бошқарув тажрибаси Ўбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг муҳим таркибий қисмига айланган бўлиб, миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини оширишга катта ҳисса қўшмоқда.

Икки давлат ўртасидаги сиёсий мулоқот юқори даражадаги ишонч билан ажралиб туради. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йилда Японияга расмий ташрифи икки томонлама алоқаларни ривожлантиришда муҳим босқич бўлди, унинг доирасида ҳамкорликнинг асосий йўналишларини қамраб олган ва шерикликни тизимли равишда кенгайтириш учун асос яратган қатор битимлар имзоланди. Ҳамкорлик доирасида икки мамлакат парламентлари, ҳукумат тузилмалари ва ташқи сиёсат идоралари даражасида алоқалар йўлга қўйилган.

Икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик мана шундай мустаҳкам сиёсий ва институционал асосда жадал ривожланмоқда. Расмий статистик маълумотларига кўра, сўнгги беш йил давомида Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги ўзаро савдо-сотиқ ҳажми 54 фоизга ошган[1]. Бу эса  икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшди.

2024 йилда Нагоя шаҳрида Ўзбекистон–Япония савдо уйининг очилиши кенгайиб бораётган иқтисодий мулоқотнинг муҳим ва рамзий босқичларидан бири бўлди. Ушбу савдо уйи Ўзбекистон маҳсулотларини Япония бозорига тизимли ва самарали тарзда олиб кириш, бизнесга оид ахборот алмашинувини йўлга қўйиш ҳамда қўшма тижорат ташаббусларини мувофиқлаштиришга хизмат қиладиган самарали восита сифатида фаолият юритиши назарда тутилган.

Япония бизнесининг Ўзбекистондаги иштироки ҳам изчил кенгайиб бормоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон ҳудудида Япония капитали иштирокида энергетика, машинасозлик, кимё саноати, логистика ва бошқа тармоқларни қамраб олган 100 дан ортиқ корхона[2] муваффақиятли фаолият юритмоқда. Уларнинг орасида “Mitsubishi Corporation”, “Marubeni”, “Sojitz”, “Toyota Tsusho”, “Hitachi” каби йирик трансмиллий корпорациялар ҳам мавжуд.

Япония тараққиёт институтлари томонидан молиявий ва институционал қўллаб-қувватлаш иқтисодий ҳамкорликнинг муҳим унсуридир. Бугунги кунда Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ўзбекистонлик ҳамкорлар билан биргаликда энергетика, инфратузилмани ривожлантириш, қишлоқ ва сув хўжалиги, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа соҳаларда умумий қиймати 5,5 млрд. АҚШ долларидан ортиқ бўлган 50 ка яқин йирик лойиҳаларни[3]  амалга оширмоқда. Шу билан бирга, Япония халқаро ҳамкорлик банки (JBIC) билан қўшма лойиҳалар портфели қарийб 4 млрд.[4]АҚШ долларини ташкил этади.

Саноат соҳаси Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. Сўнгги йилларда япон компанияларининг Ўзбекистондаги йирик саноат ва энергетика лойиҳаларидаги тобора кенгайиб бораётган иштироки илғор технологиялар трансферини жадаллаштириш, мамлакатнинг ишлаб чиқариш базасини кенгайтириш ҳамда замонавий бошқарув стандартларини жорий этишга сезиларли таъсир кўрсатмоқда.

Шу нуқтайи назардан, томонлар энергетика соҳасини ўзаро манфаатли шериклик учун стратегик платформа сифатида кўрмоқда. Япония Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йиллариданоқ мамлакат энергетика инфратузилмасини модернизация қилишни фаол қўллаб-қувватлаб келаётган камсонли давлатлардан бири бўлиб, жумладан иссиқлик электр станцияларини барпо этиш ва модернизация қилиш, энергия тежамкор технологияларни жорий этиш ҳамда тегишли инфратузилма объектларини ривожлантиришда иштирок этмоқда.

Наманган вилоятида қуввати 900 МВт бўлган Тўрақўрғон ИЭС[5]  қурилиши ва Навоий ИЭС[6] базасида қуввати 650 МВт бўлган учинчи буғ-газ қурилмасининг ўрнатилиши энг муҳим қўшма лойиҳалар сирасига киради. “Mitsubishi Corporation” ва “Mitsubishi Power” компаниялари иштирокида, шунингдек, Япония молия институтлари кўмагида барпо этилган объектлар энергия таъминоти ишончлилигини ошириш, ёқилғи сарфини оптималлаштириш ва иссиқхона газларининг солиштирма ташламаларини камайтиришга хизмат қилмоқда. Янги блоклар биргаликда йилига 10 млрд. кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариб, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини барқарор энергия билан таъминлашга катта ҳисса қўшади.

Иқтисодиётни декарбонизациялашга қаратилган глобал тенденциялар шароитида қайта тикланувчи энергия манбалари (ҚТЭМ) соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон ва Япония қуёш ҳамда шамол электр станцияларини барпо этишга қаратилган йирик қўшма лойиҳаларни амалга оширишни мақсад қилган.

Шундай лойиҳалардан бири жорий йилнинг октябрь ойида эълон қилинган Бухоро ва Самарқанд вилоятларида умумий қуввати 1 000 МВт бўлган қуёш паркини барпо этиш лойиҳасидир. Ушбу лойиҳа “Sumitomo”, “Chubu Electric”, “Shikoku Electric”, каби йирик япон компаниялари иштирокида ҳамда Япония халқаро ҳамкорлик банки (JBIC) нинг молиявий кўмагида амалга оширилмоқда. Мазкур қуёш парки нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё минтақасида ҚТЭМ соҳасидаги энг йирик ва энг замонавий лойиҳалардан бирига айланади[7]. Лойиҳанинг амалга оширилиши 600 мингтагача хонадонни электр энергияси билан таъминлаш, шунингдек CО₂ чиқиндиларини йилига тахминан 1,3 млн. тоннага қисқартириш имконини беради.

Жорий йилнинг 19–20 декабрь кунлари Токиода ўтказилиши режалаштирилган "Марказий Осиё + Япония" саммити муҳим тадбирлардан биридир. У кўп томонлама ҳамкорликка қўшимча туртки бериши, Марказий Осиё давлатлари ва Япония ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг асосий йўналишлари бўйича мувофиқлаштиришни чуқурлаштиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Умуман олганда, Ўзбекистон-Япония ҳамкорлигининг бугунги босқичи барқарор ижобий ривожланиш суръатлари ҳамда аниқ белгиланган узоқ муддатли стратегик мақсадларга йўналтирилганлиги билан ажралиб туради. Икки мамлакат ўртасидаги мунособатлар моҳиятига кўра вақт синовидан ўтган, келажакка йўналтирилган ва ўзаро манфаатга асосланган шериклик сифатида намоён бўлмоқда.

Юқори даражадаги сиёсий мулоқот ҳамда ўзаро манфаатли узоқ муддатли ҳамкорлик муносабатларни янада кенгайтириш учун мустаҳкам асос яратмоқда. Глобал трансформация шароитида Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги ҳамкорлик ўзининг стратегик аҳамиятини сақлаб қолмоқда ва янги истиқболли йўналишлар бўйича бўйича уни янада чуқурлаштириш имкониятлари катта.

Эльвира Бикеева,

МҲТИ лойиҳа раҳбари

Малика Сапармуҳаметова,

МҲТИ етакчи мутахассиси

 

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг