Ўзбекистоннинг Туркияга янги тайинланган элчиси Анқарага етиб келди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистоннинг Туркияга янги тайинланган Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Илҳом Ҳайдаров кеча Анқара шаҳрига етиб келди. Куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистоннинг янги тайинланган элчиси Илҳом Ҳайдаров Туркия Ташқи ишлар вазирлиги Протокол Бош бошқармаси бошлиғи, элчи Аҳмет Жемил Мироғлуга ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширди.
Мулоқот давомида кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларига асосланган Ўзбекистон-Туркия икки томонлама муносабатлар ва халқаро ташкилотилар доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштириш истиқболлари, хусусан жорий йил 21-22 июнь куни Истанбулда бўлиб ўтадиган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари Кенгашининг 51-сессиясида Ўзбекистон делегациясининг иштироки муҳокама қилинди.
Шунингдек, турли даражадаги ўзаро ташрифлар ва қўшма тадбирларни ташкил этиш, жумладан, икки мамлакат Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларни ўтказиш каби масалалар кўриб чиқилди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш, маданий-гуманитар ва туризм соҳасидаги алоқаларни кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди.
Аҳмет Жемил Мироғлу Ўзбекистоннинг янги тайинланган элчисига Туркиядаги дипломатик фаолиятида муваффақиятлар тилади ва Истанбулдаги Ташқи иқтисодий алоқалар кенгаши (DEIK) билан тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйишга яқиндан кўмак кўрсатишга тайёрлигини билдирди.
56 ёшли дипломат 2024 йил июль ойидан буён Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.
У Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети), Россия ташқи савдо академиясини, Мемфисдаги (АҚШ) Халқаро пахта мактабини тамомлаган.
Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги тизимида (ҳозирги Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги) ва хорижий ваколатхоналарда савдо-иқтисодий маслаҳатчи, Украинадаги элчи лавозимларида ишлаган.
2009 йилдан 15 йил давомида "Ўзбекенгилсаноат" давлат акциядорлик компаниясига (ҳозирги "Тўқимачилик ва тикув-трикотажсаноат" уюшмаси) раҳбарлик қилган. Шу билан бирга, 2021–2024 йилларда Ўзбекистон Иш берувчилар конфедерацияси раиси сифатида ишлаган.
Инглиз ва француз тилларини мукаммал билади. Илҳом Ҳайдаров Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси этиб сайланган Алишер Агзамходжаев ўрнига тайинланди.
Алишер Агзамходжаев 2017-2025 йилларда Ўзбекистоннинг Туркиядаги, 2018 йилдан эътиборан эса бир вақтнинг ўзида Болгариядаги элчиси бўлиб ишлаган.