Валюта курслари 21/11/2025
$1 – 11914.67
UZS – 0.03%
€1 – 13735.23
UZS – -0.36%
₽1 – 148.27
UZS – 0.53%
Қидириш
Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 66,5 миллиард долларга етди

Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 66,5 миллиард долларга етди

Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 66,5 миллиард долларга етди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил январь–октябрь ойларида республиканинг ташқи савдо айланмаси (ТСА) 66,5 млрд АҚШ долларига етди ва 2024 йилнинг январь-октябрига нисбатан 11 752,3 млн АҚШ долларига ёки 21,5 % га кўпайди.

ТСАда экспорт ҳажми 29 005,9 млн АҚШ долларига (2024 йилнинг январь–октябрь ойларига нисбатан 27,8 %га ўсди) ва импорт ҳажми 37 533,4 млн АҚШ долларига (16,9 % ўсиш) етди. Ҳисобот даврида ташқи савдо баланси 8 527,5 млн АҚШ доллари миқдорида манфий сальдо билан шаклланди.

Ўзбекистон жаҳоннинг  210 мамлакати билан савдо алоқаларини амалга ошириб келмоқда. Ўзбекистон ташқи савдо айланмасининг юқори улуши Хитой (19,7 %), Россия (15,9 %), Қозоғистон (5,9 %), Туркия (3,7 %) ва Корея Республикаси (2,2 %) ҳиссасига тўғри келди.

Экспорт таркибида товарлар улуши 73,3 % ни ташкил этиб, унда асосан саноат товарлари (10,9 %), озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар (8,2 %), кимёвий воситалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар (6,0 %) ва ҳар хил тайёр маҳсулотлар (4,9 %) ҳиссаси юқори бўлди.

2025 йилнинг январь–октябрь ойларида ташқи савдо айланмасида товарлар ва хизматлар экспорти бўйича асосий ҳамкорларимиз Россия (12,6 %), Хитой (5,6 %), Қозоғистон (4,1 %), Афғонистон (4,1 %), Туркия (3,2 %), Франция (2,7 %), БАА (2,1 %), Қирғиз Республикаси (1,7 %), Тожикистон (1,6 %) ва Покистон (1,1 %) каби давлатлар бўлди. Уларнинг умумий экспортдаги улуши 38,8 % ни ташкил этди.

2025 йил январь–октябрь ойларида 1 821,8 минг тонна мева ва сабзавотлар экспорти амалга оширилган бўлиб, ушбу кўрсаткич 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 7,3 % ёки 124,0 минг тоннага ошди.

2025 йил январь–октябрь ойларида 1 724,3 млн АҚШ долларига тенг мева ва сабзавотлар экспорт қилинди. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 39,7 % га ўсди ва жами экспортдаги улуши 5,9 % ни ташкил этди.

2025 йил январь–октябрь ойлари якуни бўйича 2 053,3 млн АҚШ долларилик тўқимачилик маҳсулотлари экспорти амалга оширилиб, умумий экспортнинг 7,1 % ини ташкил этди ва ўтган йилга нисбатан 15,5 % га камайди.

Экспорт қилинган тўқимачилик маҳсулотлари таркибида тайёр тўқимачилик маҳсулотлари (51,4 %), ип калава (28,5 %) асосий улушни эгаллаган.

2025 йил январь–октябрь ойларида хизматлар экспорти ҳажми 7 754,1 млн АҚШ долларини ёки жами экспорт ҳажмининг 26,7 % ини ташкил этиб, 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 32,8 % га ўсди. Хизматлар экспорти таркибининг асосий улуши сафарлар (53,1 %), транспорт (30,9 %), телекоммуникация, компьютер ва ахборот (8,1 %) ва бошқа тадбиркорлик билан боғлиқ хизматлар (3,2 %) ҳиссасига тўғри келган.

Ушбу даврга келиб импорт ҳажми 37 533,4 млн АҚШ долларига етди ва 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 16,9 % га ўсди. Импорт таркибида энг катта улуш, машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари (34,0 %), саноат товарлари (15,8 %) ҳамда кимёвий воситалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар (12,3 %) ҳисобига тўғри келди.

Товарлар импорти динамикаси таҳлилига кўра, 2025 йилнинг январь–октябрь ойида импорт қилинган товарлар ҳажми, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4 448,9 млн АҚШ долларига кўпайди ва 33 466,7 млн АҚШ долларини ташкил этди. Хизматлар импорти эса 4 066,7 млн АҚШ долларига етди.

2025 йил январь–октябрь ойларида Ўзбекистон Республикаси 177 та давлатдан товар ва хизматлар импортини амалга оширди. Йирик ҳамкор давлатлар, жумладан, Хитой (30,6 %), Россия (18,5 %), Қозоғистон (7,3 %), Туркия (4,0 %), Корея Республикаси (3,7 %), Германия (2,5 %) ва Ҳиндистон (2,5 %) жами импортнинг 2/3 қисмини ташкил этди.

2025 йилнинг январь–октябрь ойлари якуни билан хизматлар импорти ҳажми 4 066,7  млн АҚШ долларини ёки жами импорт ҳажмининг 10,8 % ини ташкил этди ва ўтган йилга нисбатан 32,2 % га ошди.

Хизматлар импорти таркибида асосий улуш сафарлар (51,3 %), транспорт хизматлари (20,1 %), телекоммуникация, компьютер ва ахборот хизматлари (10,9 %) ва бошқа тадбиркорлик билан боғлиқ хизматлар (6,6 %) ҳамда бошқа хизматлар (11,1 %) ҳиссасига тўғри келди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг