Ўзбекистоннинг Будапештдаги элчихонаси Сербияда меҳнат муҳожирларининг эксплуатацияси эҳтимоли ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Оммавий ахборот воситаларида ўзбек меҳнат муҳожирларининг Сербия ва Болқон минтақасининг бошқа мамлакатларида эксплуатация қилиниши мумкин бўлган ҳолатлари ҳақида пайдо бўлган маълумотлар муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Будапештдаги элчихонаси расмий баёнот берди.
Ўзбекистон ҳукумати хорижда яшаётган фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни ўзининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаган. Шу сабабли, Сербияда вақтинча меҳнат фаолиятини олиб бораётган ўзбекистонлик фуқароларнинг хавфсизлиги, шароитларда ишлаши ва ҳар қандай эксплуатациядан ҳимояланиши масалалари Элчихонанинг доимий диққат марказида туради.
Ўзбекистон ва Сербия ўртасида меҳнат миграцияси соҳасида ўзаро манфаатли ва тизимли ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида жорий йил бошида икки давлат ҳукуматлари ўртасида меҳнат миграциясига оид ҳуқуқий асосларни шакллантиришга қаратилган музокаралар бошланган.
Элчихона барча фуқароларимизни хорижга фақат расмий лицензияга эга йўлловчи ташкилотлар орқали чиқиш ҳамда шартнома асосда меҳнат фаолиятини амалга оширишга чақиради.
Бундан ташқари, Сербия ҳудудида фаолият юритаётган юртдошларимиз учун Элчихона ҳузурида ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, шикоят ва мурожаатларни қабул қилиш бўйича ишчи гуруҳи ташкил этилган.
Элчихона масъул ходими С. Алижонов.
Боғланиш рақамлари: +36304362636;
Электрон манзил: consul@uzbekistan.hu.