Ўзбекистоннинг биринчи элчиси Мальдив Республикаси Президентига ишонч ёрлиқларини топширди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Мальдив Республикасига тайинланган биринчи элчиси (қароргоҳи Деҳли шаҳрида жойлашган) Сардор Рустамбоев бугун ушбу мамлакат Президенти Муҳаммад Муиззуга ишонч ёрлиқларини топширди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.
Тантанали маросимдан сўнг бўлиб ўтган суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Мальдив ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ҳамда келажакдаги ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Томонлар ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг турли йўналишларида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.
Президент Муҳаммад Муиззу Мальдив Республикаси Ўзбекистон билан БМТ, ИҲТ, бошқа халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида томонларни қизиқтирган масалалар, жумладан, иқлим ўзгариши, барқарор ривожланиш ва минтақавий хавфсизлик бўйича ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёрлигини билдирди.
Алоҳида эътибор туризм ва олий таълим йўналишида шерикликни ривожлантиришга қаратилди. Хусусан, Ўзбекистон олий таълим муассасаларида Мальдив Республикаси талабаларини ўқитиш истиқболлари муҳокама қилинди. Икки давлат ўртасида тўғридан-тўғри рейсларни очиш, виза режимини соддалаштириш ва қўшма саёҳат пакетларини ишлаб чиқиш имкониятларини кўриб чиқишга келишилди.
Томонлар олий ва юқори даражадаги ташрифлар ташкил қилиш, тадбиркорлар ва бошқа соҳа вакиллари делегациялари алмашинувини йўлга қўйиш юзасидан фикр билдирди.
Ўзбекистон ва Мальдив Республикаси ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1994 йил 7 декабрь куни ўрнатилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг янги элчиси Сардор Рустамбоев Деҳлида 2024 йил январь ойида ўз фаолиятини бошлаган. Бундан олдин у мамлакатимизнинг Франция ва Португалиядаги дипломатик ваколатхонасига раҳбарлик қилган.