Ўзбекистонлик ёш мутахассислар Италиядаги қишлоқ хўжалиги корхоналарида малака ошириб, амалиёт ўтайди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмоновнинг Рим шаҳрига расмий ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Миграция агентлиги ва Италия Қишлоқ хўжалиги бош конфедерацияси (Confagricoltura) ташкилоти ўртасида уч томонлама ҳамкорлик келишуви имзоланди.
Ушбу келишув доирасида ёш фермер ва мутахассислар Италия қишлоқ хўжалиги хўжаликларида меҳнат фаолиятини олиб бориш учун юборилади.
Қишлоқ хўжалиги соҳаси кадрларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институтида ишчилар итальян тили ҳамда Италияда ишлаш тартиб-қоидалари бўйича махсус тайёргарликдан ўтказилади.
Дастлабки босқичда 15 нафар иштирокчи учун 140 соатлик ўқув курси ташкил этилиши белгиланган.
Мазкур ташаббус икки давлат ўртасидаги қишлоқ хўжалиги, меҳнат миграцияси ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.