Ўзбекистонлик талабалар учун Венгрияда таълим грантлари сони оширилиши бўйича протокол имзоланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 17 июль куни Будапешт шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Венгрия Ҳукуматлараро иқтисодий ҳамкорлик бўйича қўшма комиссиясининг ўнинчи йиғилиши доирасида Stipendium Hungaricum стипендия дастури бўйича англашув меморандумига Қўшимча протокол имзоланди.
Ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Шоҳрух Далиев ҳамда Венгрия ташқи ишлар ва ташқи савдо вазири Петер Сийярто томонидан имзоланди.
Эришилган келишувларга мувофиқ, Ўзбекистон фуқаролари учун таълим грантлари бўйича йиллик квота 200 тагача оширилди. Бу нафақат давлатлараро ҳамкорликнинг юксак даражада эканлигини тасдиқлайди, балки ўзбек ёшларига хорижда, жумладан, Венгриянинг етакчи университетларида, сифатли таълим олиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Stipendium Hungaricum дастури Ўзбекистон фуқаролари учун 2018 йилдан бери амал қилиб келмоқда. Шу давр мобайнида 400 дан ортиқ талаба Венгриянинг турли университетларида муваффақиятли таълим олди ва бу орқали академик ҳамда шахсий ривожланиш учун имкониятлардан фойдаланди.
Ўзбекистонлик абитуриентлар орасида ушбу дастурга бўлган қизиқиш ортиб бораётгани ва икки томонлама муносабатлар барқарор ривожланаётганини ҳисобга олиб, Венгрия томони квоталарни босқичма-босқич ошириб бормоқда. Таклиф этилаётган таълим йўналишлари Ўзбекистон иқтисодиёти эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда шакллантирилади. Студентлар ўқишни инглиз ёки венгр тилларидан бирини танлаш орқали амалга ошириш имкониятига эга бўлади.
Айниқса, таъкидлаш жоизки, Ўзбекистоннинг ушбу дастурда иштирок этиши давлат томонидан ҳеч қандай молиявий мажбуриятларни назарда тутмайди.
Барча харажатлар — ўқиш тўлови, яшаш, тиббий суғурта ва стипендия — Венгрия ҳукумати томонидан тўлиқ қопланади. Талабанинг ягона харажати — бу авиачипта нархидир.
Қўшимча протоколда, шунингдек, танлов жараёнининг очиқлиги, шаффофлиги ва адолатли ўтишига оид қоидалар ҳам киритилган бўлиб, бу дастурда иқтидорли ёшларнинг кенг иштирок этиши учун шароит яратади.
Ушбу ҳужжатнинг имзоланиши Ўзбекистон учун стратегик аҳамиятга эга: у юқори малакали кадрларни тайёрлашнинг янги йўналишларини очади, таълим, фан ва инновация соҳаларида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлайди, ўқитувчилар малакасини оширишга ва замонавий билим ҳамда кўникмаларга эга ёш мутахассислар авлодини вояга етказишга замин яратади.