Ўзбекистонлик беш нафар боксчи Ливерпулдаги жаҳон чемпионати финалига йўл олди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ливерпул шаҳрида ўтаётган бокс бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоасининг беш нафар вакили финалга йўл олди.
Навбаҳор Ҳамидова финалга йўл олди. Боксчимиз ярим финалда Хитой Тайпейи вакиласи Чен Ниен-Ченни 3:2 ҳисобида мағлуб этди. Финал 14 сентябрь куни қозоғистонлик Аида Абикеевага қарши бўлиб ўтади.
Абдумалик Халоков ҳам финалда. Жанг 2-раундда боксчимизнинг қошидаги жароҳат сабабли тўхтатилди. Бундай вазиятда жанг тўхтатилгунга қадар олинган очколар ҳисобланади. Бу вақтга келиб Халоков жангда тўлиқ устунликка эришаётганди. Якунда ҳакамлар Абдумаликнинг 5:0 ҳисобидаги ғалабасини қайд этишди. Вакилимиз учинчи бор катталар ўртасида Жаҳон чемпионати финалига йўл олди.
Фазлиддин Эркинбоев ҳам финалга йўл олди. Боксчимиз -75 кг вазнда бўлиб ўтган баҳсда, Озарбайжон шарафини ҳимоя қилаётган Саиджамшид Жафаровни 4:1 ҳисобида мағлубиятга учратди. Финалда болгариялик боксчи билан баҳс олиб боради.
Тўрабек Хабибуллаев ҳам финалда. Боксчимиз ярим финалда, -90 кг вазнда испаниялик Энмануел Реес Плани 4:1 ҳисобида мағлуб этди.
+90 кг вазнда Жаҳонгир Зокиров хитойлик Данабиеке Байикевузни 5:0 ҳисобида ишончли мағлубиятга учратиб, финал босқичига йўл олди.