Валюта курслари 20/06/2025
$1 – 12559.26
UZS – -0.47%
€1 – 14413.01
UZS – -0.71%
₽1 – 160.17
UZS – -0.41%
Қидириш
Ўзбекистон 24/04/2025 Ўзбекистонда умумий овқатланиш муассасалари ходимларининг 40%дан ортиғи мажбурий тиббий кўрикдан ўтмаган

Ўзбекистонда умумий овқатланиш муассасалари ходимларининг 40%дан ортиғи мажбурий тиббий кўрикдан ўтмаган

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси маълумотига кўра, умумий овқатланиш соҳасида фаолият юритаётган ходимларнинг 40%дан ортиғи мажбурий тиббий кўрикдан ўтмаган.

Бу ҳолат истеъмолчилар хавфсизлиги ва инфекцион касалликларнинг тарқалишини олдини олиш нуқтаи назаридан жиддий хавф туғдиради. Чунки тиббий кўрикдан ўтмаган ходимлар саломатлик учун таҳдид солувчи омилларга айланиши мумкин.

Ўзбекистон қонунчилигига кўра, умумий овқатланиш ва савдо соҳаси ходимлари санитария талабларига риоя қилишлари, жумладан, тиббий кўрикдан ўтишлари шарт. Бу талаблар 2003 йил 13 февралдаги Вазирлар Маҳкамасининг №75-сонли ва 2022 йил 14 июлдаги Санитария-эпидемиология хизмати томонидан қабул қилинган №14-сонли қарорлар билан тасдиқланган.

Қонунчиликка мувофиқ, иш берувчилар тиббий кўрикдан ўтмаган ходимларни ишга жўнатишга ҳақли эмаслар. Бунга риоя этилмаслиги — мижозлар соғлиғи учун таҳдид ҳисобланади.

Қўмита томонидан 380 та умумий овқатланиш корхонасида танлаб олинган текширувлар ўтказилди. Унга кўра, 2800 нафардан ортиқ ходимлардан 1164 нафари (41%) тиббий кўрикдан ўтмагани аниқланган.

Ҳудудлар кесимида вазият турлича:

Қорақалпоғистон Республикаси — 128 нафар ходимдан 84 нафари кўрикдан ўтмаган;

Фарғона вилояти — 393 нафардан 150 нафар;

Сурхондарё вилояти — 301 нафардан 123 нафар;

Сирдарё вилояти — 1126 нафардан 304 нафар;

Наманган вилояти — 185 нафардан 163 нафар;

Жиззах вилояти — 337 нафар ходимнинг ҳеч бири тиббий кўрикдан ўтмаган.

Ушбу маълумотлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталик қўмитасига юборилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 21 мингдан ортиқ умумий овқатланиш муассасалари (ресторан, кафе, ошхона ва бошқалар) фаолият юритмоқда. Уларда санитария талабларига риоя қилиш ва ходимлар ҳамда мижозлар хавфсизлигини таъминлаш энг муҳим вазифа ҳисобланади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг
СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР