Ўзбекистонда сув таъминоти тизимида тўлов интизомини мустаҳкамлаш ва ноқонуний уланишларга қарши кураш чоралари кучайтирилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда сув таъминоти ва канализация тизимини ривожлантириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бугун журналистлар учун ўтказилган матбуот анжуманида мутахассислар таъкидлашича, соҳа ислоҳотларининг самарадорлиги фақатгина инфратузилмани модернизация қилиш билан эмас, балки истеъмолчиларнинг ўз қонуний мажбуриятларини бажариши – хизматлар учун ўз вақтида ҳақ тўлаши ва сувдан фойдаланиш маданиятига риоя қилиши билан ҳам узвий боғлиқ.
Акциядорлик жамияти маълумотларига кўра, жорий йил бошидан бери назорат органлари билан ҳамкорликда марказлашган сув таъминоти ва канализация тармоқларига ноқонуний уланишнинг 3899 та ҳолати аниқланган. Энг кўп қонунбузарлик ҳолатлари Сирдарё вилоятида (433 та), Тошкент шаҳрида (410 та), Қорақалпоғистон Республикасида (408 та) ва Хоразм вилоятида (343 та) қайд этилган. Умумий зарар 76,2 миллиард сўмдан зиёд деб баҳоланмоқда, шу жумладан 29,9 миллиард сўмлик зарар қопланган.
Қайд этилдики, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, ўзбошимчалик билан тармоқларга уланиш учун жиноий жавобгарлик белгиланган.
Шу билан бирга, профилактика ишлари фаол йўлга қўйилган: аҳоли орасида ахборот кампаниялари ташкил этилмоқда, шунингдек, замонавий ва қулай тўлов усуллари жорий этилмоқда.
Тўлов интизомини мустаҳкамлаш мақсадида 2025 йил давомида судларга умумий қиймати 332,2 миллиард сўм бўлган 103,3 мингдан зиёд даъво аризаси киритилди. Қарздорлик сабабли 53,5 минг абонент сув таъминоти тизимидан узиб қўйилди, уларнинг 38 мингдан зиёди Тошкент шаҳрида.
Кенг қамровли чора-тадбирлар сезиларли натижа берди: аҳолининг дебитор қарздорлиги йил бошига нисбатан 146,4 миллиард сўмга (14 фоизга) камайиб, 762,4 миллиард сўмни ташкил этди. Ўтган йилнинг шу даври билан таққослаганда эса қарздорлик 281,4 миллиард сўмга (27 фоизга) камайган.
Матбуот анжумани якунида жорий йил охирига қадар қарздорликни янада қисқартириш, ноқонуний уланишларни олдини олиш ва кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш бўйича қўшимча чоралар амалга оширилиши таъкидланди.