Ўзбекистонда суд Telegram-канал администраторини муаллифлик ҳуқуқини бузгани учун жаримага тортди
Ўзбекистонда суд Telegram-канал администраторини муаллифлик ҳуқуқини бузгани учун жаримага тортди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) —
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига муаллифлик ҳуқуқи бузилгани муносабати билан «Туда-СюдаUZ/Места и события» Telegram-каналига нисбатан ҳуқуқий чоралар кўриш ҳақида мурожаат келиб тушган.
Текширув жараёнида аниқланишича, каналда муаллиф Е. Омельчукнинг рухсатисиз «Тошкентнинг янги йил учун энг яхши 3 ресторани» ва «Ушбу махфий бозорда» номли видеоматериаллар қўлланилган. Канал администратори С. Назаров ушбу видеороликларни муаллифнинг розилигисиз жойлаштирган бўлиб, бу ҳолат ҳужжатлар билан тасдиқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан қоидабузарга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни бузиш учун жавобгарликни назарда тутувчи 177-1-моддаси асосида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилди. Иш материаллари судга юборилди.
Мирзо Улуғбек туман суди қарорига кўра, қоидабузарга нисбатан маъмурий жарима жазоси қўлланилди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 177-1-моддаси санкцияларига мувофиқ, фуқароларга нисбатан 5 дан 15 та базавий ҳисоблаш миқдоригача, яъни 2,06 миллион сўмдан 6,18 миллион сўмгача, мансабдор шахсларга эса 15 дан 30 та базавий ҳисоблаш миқдоригача, яъни 6,18 миллион сўмдан 12,36 миллион сўмгача жарима солиниши, шунингдек, асарларнинг контрафакт нусхалари, турдош ҳуқуқ объектлари ҳамда уларни кўпайтириш ва тарқатишда фойдаланилган материаллар ва ускуналарни мусодара қилиш назарда тутилган.