Ўзбекистонда штил, ҳарорат инверсияси ва туман сабаб ҳаво сифати ёмонлашди
Ўзбекистонда штил, ҳарорат инверсияси ва туман сабаб ҳаво сифати ёмонлашди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сўнгги кунларда, 29–30 январь кунлари Ўзбекистонда ноқулай метеорологик шароитлар фонида ҳаво сифати ёмонлашиши кузатилди.
Мутахассислар таҳлилига кўра, бунга шамолнинг йўқлиги (штил), паст шамол тезлиги ва ҳарорат инверсияси сабаб бўлмоқда.
Шунингдек, тунги ва эрталабки соатларда ҳарорат инверсияси шаклланиб, совуқ ҳаво қатлами ерга яқин жойлашган, илиқ ҳаво эса юқори қатламларда сақланиб қолган.
Натижада ҳавога чиқарилган майда дисперс заррачалар ер юзасининг қуйи чегараларида «қамалиб», шаҳар ҳавосида маълум муддат туриб қолган.
Қўшимча равишда, тонгги соатларда туман кузатилиб, ҳаводаги майда аэрозол заррачалари концентрациясини оширган.
Туман вақтида атмосфера намлиги юқори бўлиши сабабли PM2.5 заррачалари ҳавода узоқроқ сақланиб, ифлосланиш даражаси янада ортади.
Махсус комиссия экологик рейдлар ва мониторинг тадбирларини туну кун давом эттирмоқда.
Ҳаво ҳолати ҳақидаги долзарб маълумотлар Экология ва иқлим ўзгариши бўйича миллий қўмита ҳамда «Ўзгидромет» агентлигининг расмий веб-сайтларида мунтазам равишда эълон қилинади.