Ўзбекистонда шахсий ҳаракатланиш воситалари ва велосипед операторлари ассоциацияси тузилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда шахсий ҳаракатланиш воситалари ва велосипед операторлари ассоциацияси ташкил этилди. Унинг асосий вазифаси бозор иштирокчиларининг манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда соҳанинг ягона қоидалар асосида фаолият юритишини таъминлашдан иборат бўлади, деб хабар берди пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати.
Янги ташкилот микромобиллик ва велоинфратузилма соҳасида иш олиб бораётган компанияларни бирлаштирувчи нотижорат соҳавий платформа сифатида фаолият юритади.
Ассоциация бозор иштирокчиларининг давлат органлари билан ҳамкорлигини мувофиқлаштириш, стандарт ва қоидалар ишлаб чиқиш, эксперт билимлари билан алмашиш, шунингдек, барқарор шаҳар транспорти учун инновацион ечимларни илгари суриш билан шуғулланади.
Платформа самарали ишлаши учун доимий ишчи майдон яратиш режалаштирилмоқда. У ерда операторлар фаолияти мувофиқлаштирилади, маълумотлар таҳлил қилинади ва бизнес ҳамда давлат тузилмалари билан ҳамкорликда соҳадаги амалий масалалар тезкор ҳал этиб борилади.