Ўзбекистонда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажми 52 трлн сўмдан ошди, экспорт 40 фоиздан ортиқ ўсди
Ўзбекистонда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажми 52 трлн сўмдан ошди, экспорт 40 фоиздан ортиқ ўсди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил Ўзбекистон қурилиш материаллари саноати учун рекорд натижалар, муваффақиятли лойиҳалар ва янги имкониятлар даври бўлди. Бу ҳақда «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмасида 2025 йил якунларига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Тадбирда уюшма раҳбарияти, олий таълим муассасалари вакиллари, тадбиркорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирок этди. Матбуот анжуманини уюшма бошқаруви раиси Ильяс Раҳимов очиб, йил давомида эришилган натижалар бўйича батафсил таҳлилий шарҳ тақдим этди.
2025 йил якунларига кўра, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажми 52,6 трлн сўмга етди, экспорт 1,2 млрд АҚШ долларини ташкил этди, ўзлаштирилган инвестициялар эса 2,4 млрд доллардан ошди. Локализация дастури доирасида 4,4 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди.
Йил давомида 21,5 млн тонна цемент, 40 млн квадрат метр қурилиш ойнаси, 47 млн квадрат метр керамик плита, 110 млн квадрат метр гипсокартон листлари, 336 минг тонна қуруқ қурилиш қоришмалари ҳамда 830 минг дона санитария-техника буюмлари ишлаб чиқарилди. Бу ички бозор эҳтиёжларини тўлиқ қондириш имконини берди.
2025–2026 йилларда умумий қиймати 3,6 млрд АҚШ доллари бўлган 437 та янги лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Жорий йилнинг ўзида қиймати 1,8 млрд доллар бўлган 353 та лойиҳа ишга туширилиб, 15,2 мингта янги иш ўрни яратилди.
Йирик ташаббуслар қаторида Нукус шаҳрида жойлашган «Qoraqalpoq Basaltwool» МЧЖ томонидан йилига 50 минг тонна базальт минерали асосида иссиқлик изоляция материаллари ишлаб чиқариш лойиҳаси алоҳида ўрин тутади. Ушбу лойиҳа қиймати 52,4 млн долларга тенг. Шунингдек, Наманган вилояти Чуст туманида «Megaton» МЧЖ томонидан йилига 500 минг куб метр автоклав газобетон блоклари ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилмоқда, унинг қиймати 40 млн долларни ташкил этади.
2025 йил учун белгиланган экспорт режаси 100 фоиз бажарилди ва бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 142 фоизга ошди. Энг юқори ўсиш суръатлари алюминий материаллари, керамика маҳсулотлари, мармар ва гранит буюмлари, ойна маҳсулотлари, цемент ва боғловчи материаллар, ПВХ ҳамда пластмасса буюмлари ҳиссасига тўғри келди.
Асосий экспорт бозорлари сифатида Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон, Озарбайжон ва АҚШ қайд этилди, ушбу мамлакатларга етказиб бериш ҳажмлари сезиларли даражада ошди. Экспорт бўйича етакчи ҳудудлар сифатида Тошкент шаҳри 291 млн АҚШ доллари, Тошкент вилояти 201 млн доллар кўрсаткич билан пешқадам бўлди. Шунингдек, Самарқанд, Навоий, Фарғона, Андижон ва Хоразм вилоятлари ҳам юқори натижаларни қайд этди.
Афғонистон, Тожикистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Покистон ва Қирғизистон бозорларида экспорт ҳажмини янада кенгайтириш мақсадида 50 дан ортиқ юқори қўшимча қийматга эга маҳсулот намуналари тақдим этилган савдо уйлари, шоурумлар ва логистика омборлари ташкил этилди.
Бундан ташқари, ўзбекистонлик тадбиркорлар Тошкент, Қозон, Тбилиси, Боку, Улан-Батор, Лос-Анжелес, Брно ва бошқа шаҳарларда ўтказилган йирик халқаро форум ва кўргазмаларда фаол иштирок этди.